Тошкентда Dong Feng русумли автотранспортларни ноқонуний импорт қилиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Тошкентда Dong Feng русумли автотранспортларни Ўзбекистон ҳудудидаги ноқонуний олиб кириш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фош этилди. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда.
2009 йилдан буён хусусий компанияда менежер лавозимида ишлаб келган Шодмон Шарипов “Д.К.” МЧЖ божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис Азим Ғайратов билан келишган ҳолда 2011 йилда ишлаб чиқарилган 2та оқ рангли, жами нархи 111 млн сўм миқдоридаги Dong Feng автотранспорт воситасини импорт қилишда турли ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан 126 млн сўмдан ортиқ божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлади.
Бошқа ишбилармон – Алижон Набиев эса юқорида тилга олинган корхонанинг бошқа мутахассиси Аҳад Алиев билан келишган ҳолда ўша русумдаги умумий нархи 106.5 млн сўм бўлган автотранспорт воситаларини импорт қилишда қонунбузарликка йўл қўйиб, 126 млн сўмдан ортиқ божхона тўловларини тўламади.
Орадан бир қанча муддат ўтиб, шу гуруҳ яна бир дона 55 млн сўмлик Dong Feng автотранспортини олиб киришда 63 млн сўмлик тўловларни божхонага тўламади.
Суд қарори билан жиноий гуруҳ иштирокчиларига тегишли жазо тайинланди.