Жаҳон | 05:39 / 02.09.2015
7748
2 дақиқада ўқилади

Эронда АҚШни яна “Катта шайтон” деб аташди

Эроннинг нуфузли ҳарбий ташкилоти – Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси раҳбари генерал Муҳаммад Али Жафарий АҚШ унинг давлатида ҳали ҳам “Катта шайтон” сифатида қабул қилинишини айтди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

“АҚШнинг Эрон миллатига нисбатан душманлиги камаймади, балки кўпайди”, деб айтди Жафарий. Жафарийнинг айтишича, шунга қарамай Теҳрон Вашингтон томонидан ҳужум қилинишидан қўрқмайди. Жафарийнинг бу сўзлари Теҳрон полицияси раҳбари Ҳусайн Сожиддин давлат байроқлари ва “шайтон рамзлари” суратлари бўлган буюмларни сотаётганлар қўлга олингани ҳақидаги хабаридан кейин чоп этилди. Маълум қилинишича, полициячилар АҚШ, Буюк Британия ва Исроилда ишлаб чиқарилган буюмларни сотувчи дўконларда рейд ўтказган.

Биринчи бўлиб АҚШга нисбатан “Катта шайтон” иборасини 1979 йил 5 ноябрда Эроннинг биринчи олий етакчиси Оятулллоҳ Ҳумайний қўллаган. Ҳумайний ўшанда Собиқ итифоқни “энг кичик шайтон”, Исроилни эса “кичик шайтон” деб атаган эди.