15:15 / 02.09.2015
3989

Самвел Бабаян: Ҳозирги таркиб Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг кучлиси

Жаҳон чемпионати-2018 саралашининг иккинчи босқичи, 3-тури доирасидаги Ўзбекистон – Яман учрашуви олдидан 2 сентябрь куни ҳар икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайтида хабар берилди.

Матбуот анжуманининг биринчи қисмида журналистлар саволларига Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян жавоб берди. У билан бигаликда терма жамоа ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов ҳам анжуманда иштирок этди.

“Эртага биз янгиланган жамоа билан илк учрашувни ўтказишимиз лозим. Йиғинларда имкон қадар самарали ишлашга ҳаракат қилдик. Биласиз, июль ойида маҳаллий футболчилар билан йиғин ўтказган эдик. Иккинчи йиғинга легионерлар ҳам жалб этилди. Хориждаги барча футболчиларимиз билан тўлиқ таркибда иккита машғулот ўтказдик. Кайфият яхши, футболчилар терма жамоа ўйинидаги янги ғояларни тўлиқ ўзлаштирмоқда ва қабул қилишмоқда. Ўйлайманки, эртага бўладиган ўйинда ғалаба қозонамиз”, дея сўз бошлади миллий терма жамоа бош мураббийи.

“Шохруҳ Гадоев бизнинг диққат эътиборимизда. Аммо ҳозирда таркибда жамланган футболчилар ундан кўра кучлироқ. Шу сабабли у терма жамоага жалб этилмади. Муҳаммадиев ҳақида ҳам шуларни айтишим мумкин. Футболчи терма жамоага чақирилиши учун икки жиҳатга эга бўлиши керак: оптимал форма ва терма жамоа фалсафасига мос келиши. Биз атайлаб терма жамоанинг кенгайтирилган таркибига кўпроқ футболчиларни чақирдик. Чунки легионерлар келгунга қадар тўлиқ таркиб билан машғулот ўтказиш ва ўзаро ўйин уюштириш керак эди. Кейин эса асосий таркибга кира олмаганларга жавоб бердик”.

“Яман яқинда иккита ўйин ўтказди ва мана шу учрашувлар асосида маълумот йиғдик. Биз ҳар бир ўйинни ўрганиб чиқдик. Шуни ҳам қайд этиш керакки, ҳозир Осиёда кучсиз жамоалар қолмаяпти”.

“Терма жамоа бош мураббийлиги клубдаги ишдан кескин фарқ қилади. Термада асосий иш руҳият билан боғлиқ. Агар футболчиларни ўйинга руҳан тайёрлай олсак, ўйин ҳам шунга яраша бўлади. Футболчилар кайфияти аъло. Мана ёнимдаги Сардор буни тасдиқлаши мумкин. Айни вақтдаги терма жамоа таркиби — ўзбек футболи тарихидаги энг кучлиси”.

“Масъулиятни ўз зиммамга олган ҳолда айтишим мумкин, терма жамоа ихтиёрига келган ҳар бир футболчи – у хоҳ маҳаллий футболчи бўлсин, хоҳ легионер, ҳар доим бор кучи билан ўйнайди. Бу йигитларнинг барчаси ватанпарвар. Уларнинг ҳар бири кўз олдимда улғайган. Улар билан бирга мен ҳам мураббий сифатида ўсганман”.

“Айни вақтда хорижда ўйнаётган 9 футболчининг барчаси терма жамоага мос. Гейнрихга келадиган бўлсак, биз унинг ўйинларини кузатиб бордик ва чақиришга қарор қилдик. Бизда ҳар бир футболчи учун алоҳида маълумотлар базаси бор. Уларнинг ҳар бир ўйини таҳлил қилиб борилмоқда, видеоси сақлаб қўйилган”, — деди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян.

Top