Жаҳон | 14:48 / 02.09.2015
2942
2 дақиқада ўқилади

Туркия хорижга чиқиш паспортисиз сайёҳларни қабул қилиши мумкин

Туркия молия вазири Нихат Зейбекчи мамлакатда махсус сайёҳлик зоналари ташкил этилиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳудудларга хорижга чиқиш паспортларисиз келишлари мумкин, дея хабар бермоқда “Российская газета”.

Янада аниқроқ айтганда, ушбу зоналарга киришга Туркия ҳудудига ташриф буюриш сифатида қаралмайди. Бу эса сайёҳларни чегара назорати ва божхона кўрикларидан ўтиш заруриятидан халос этади. Шу билан бирга, хорижлик сайёҳларни кўпроқ жалб этиш мақсадида бу ердаги меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуалари солиқ тўлашдан озод этилгани туфайли ҳудудда нарх-наво арзон бўлиши айтилмоқда. Бироқ мазкур имконият ҳозирча мазкур зоналарга кема орқали ташриф буюрувчи сайёҳларда мавжуд.

Эгей ва Ўрта Ер денгизлари соҳилларидаги Чешме, Бодрум, Дидима, Мармарис ва Анталия ҳудудларида махсус сайёҳлик зоналарини ташкил этиш белгиланган. Уларнинг ҳар бири учун алоҳида таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Қайсидир бири савдо-сотиқ учун қулай бўлса, қай биридир фаол дам олишга мўлжалланади.

Молия вазирининг таъкидлашича, ушбу ҳудудларга Туркия фуқаролари фақатгина хорижга чиқиш паспорти билан кириши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда Туркия сайёҳлик бозори сўнгги 10 йилдаги энг оғир кунларни бошдан кечирмоқда. Шу муносабат билан ҳукумат вазиятни барқарорлаштириш мақсадида фаол иш олиб бормоқда. Жумладан, ички сайёҳликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2015 август ойида сайёҳлик соҳаси вакилларининг илтимосига кўра Туркия халқ таълими вазири мактаб таътилини 28 сентябрга қадар узайтирган эди.

Айни пайтда янги лойиҳада жавоблардан кўра жиддий саволлар кўпроқ. Гап шундаки, дунёда бу каби ҳудудларнинг ўхшаши – намунаси мавжуд эмас. Мамлакатга паспорт назоратисиз кўплаб кишиларнинг кириб келиш хавфи ҳам йўқ эмас. Бу эса хавфсизлик масаласини сўроқ остида қолдириши аниқ. Бироқ молия вазирлигининг режаси жиддий экани айтилмоқда.