Жаҳон | 14:30 / 02.09.2015
2593
2 дақиқада ўқилади

Туркия қирғоқлари яқинида қочқинлар минган қайиқлар сувга чўкиб кетди

Ичида суриялик муҳожирлар бўлган иккита қайиқ Туркиянинг Бодрум шаҳри яқинида, Эгей денгизи сувларига чўкиб кетди ва камида 11 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда DHA агентлиги хабар берган.

Маълум қилинишича, қайиқдаги кишилар Грециянинг Кос оролига ноқонуний равишда етиб олмоқчи бўлишган эди. Қурбон бўлганларнинг 3 нафари болалар экани айтилган. Туркиялик қутқарувчилар 4 нафар кишининг ҳаётини сақлаб қолишган.

Агентлик маълумотларига кўра, шу йилнинг ёзида минглаб қочқинлар Туркиядан Грециядаги оролларга ўтишган. Ҳар куни Греция ҳудудига ўртача 2 минг нафар ноқонуний муҳожир кириб келмоқда.

Маълумот учун, 2015 йилнинг бошидан буён Европа Иттифоқи ҳудудига кириб келган муҳожирлар сони 340 минг нафардан ошиб кетди. Европага бу миқдордаги ноқонунийлар оқими охирги марта Иккинчи жаҳон уруши даврида кузатилганди. 31 август куни Германия, Франция ва Буюк Британия давлатларининг ташқи вазирликлари вазиятни муҳокама қилиш бўйича йиғилиш ўтказиш таклифи билан чиқишди.