15:11 / 05.09.2015
2872

IFA 2015да найча қилиб ўраш мумкин бўлган клавиатура тақдим этилди

IFA 2015 истеъмол электроникаси кўргазмаси доирасида LG компанияси симсиз Rolly клавиатураси тақдимотини ўтказди. Унинг ўзига хослиги шундаки, конструкцияси туфайли LG Rolly’ни бемалол чўнтакда кўтариб юриш мумкин.

Клавиатурани найча шаклида ўраш мумкин. Бу хусусияти туфайли уни турли сафар ва саёҳатларда олиб юриш жуда қулайдир. Мобил ускунага клавиатура Bluetooth каналининг 3.0 версияси бўйича уланади.
Клавиатура бир қанча горизонтал секцияларга бўлингани боис ҳам мана шундай услубда йиғилади. Четларига жойлаштирилган магнитлар найчанинг очилиб кетмаслигини таъминлайди. Иш вақтида эса у барча клавиатуралар каби қаттиқ ва мустаҳкам ҳолатда бўлади.

LG Rolly биринчи навбатда одам компьютердан узоқдалигида почтага киришга ёки хабар йўллашга эҳтиёж сезганда қўл келади. Клавиатура одатий клавиатуралардан бир қадар фарқ қилади, шу боис унда матн териш маълум қийинчиликларни келтириб чиқаради.
ААА стандартли батареялар билан таъминланган тақдирда гаджет узлуксиз равишда 3 ой ишлаши мумкин.

Top