Жаҳон | 19:26 / 08.09.2015
1963
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сомалидаги дипломатик миссияси ишини қайта бошламоқда

АҚШ Сомалидаги дипломатик миссияси ишини қайта бошламоқда, деб маълум қилди 8 сентябрда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жон Кирби. 

“Янги миссия АҚШнинг Сомали билан икки томонлама муносабатларини нормаллаштиришдаги саъй-ҳаракатларини акс эттиради. Бу муносабатлар 2013 йил 17 январдан ушбу давлат федерал ҳукуматининг тан олинишидан бери давом этиб келмоқда. АҚШнинг Сомалидаги миссияси АҚШнинг Кения пойтахти Найробидаги элчихонасида жойлашади, унга АҚШ президенти АҚШнинг Сомалидаги элчисини тайинлаб, сенат маъқулламагунгча муваққат ишончли вакил бошчилик қилади”, деб айтди Кирби.
Кирбининг таъкидлашича, дипломатик миссия ўз ишини бошлаши АҚШ Давлат котиби Жон Керри Сомали пойтахти Могадишога келишидан олдин эълон қилган АҚШнинг Сомалидаги дипломатик жойлашуви тикланишидаги яна бир қадамдир.

Сомали 1991 йилдан марказий ҳукуматга эга ягона давлат сифатида мавжуд бўлишдан тўхтаган. 1960-йиллар охиридан бери ҳукмронлик қилган Сиад Барре режими қулагандан кейин Сомали анархияга ботиб, тезда бир қатор сохта давлат тузилмаларига бўлиниб кетган эди.