19:55 / 08.09.2015
11034

Марказий Осиё Кураш Федерацияси ташкил этилди

5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллиги ва Кураш Халқаро Ассоциацияларининг 17 йилликлари муносабати билан Бухоро шаҳрида ташкил этилган халқаро турнир арафасида Ўзбекистон, Козоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон кураш федерациялари раҳбарлари ва вакиллари ташаббуси билан Марказий Осиё Кураш Федерацияси ташкил этилди. Бухоро вилояти Марказий Ўйингоҳи мажлислар залида мазкур Федерациянинг биринчи таъсис конгресси бўлиб ўтди.

Конгрессда сўзга чиққан аъзо давлат федерациялари курашни Марказий Осиё давлатлари орасида янада кенг ривожлантириш, мунтаззам равишда кураш бўйича Марказий Осиё чемпионатлари, очиқ ва халқаро турнирлар ҳамда ўқув йиғин машғулотлари ўтказишга келишиб олишди.

Конгресс давомида Марказий Осиё Кураш Федерациясининг раҳбар органлари ҳам сайланди.

Унга кўра Марказий Осиё кураш федерацияси президенти этиб бир овоздан Бухоро вилояти Болалар ва ўсмирлар Олимпия захиралари коллежи директори лавозимида ишлаб келган, халқаро тоифадага ҳакам Холмуротали Мубораков номзоди сайланди.

Биринчи вице-президент этиб Қозоғистон кураш федерацияси президенти Баҳром Мўминов, вице–президентлар Нуркан Османалиев (Қирғизистон кураш федерацияси президенти), Мирза Қурбонов (Туркманистон кураш федерацияси бош котиби), Мурод Дўсимбетов (Ўзбекистон кураш федерацияси бош мураббийи) номзодларига ишонч билдирилди.

Марказий Осиё кураш федерацияси бош котиби сифатида Олим Ҳайитов фаолият юритадиган бўлди.

IKA матбуот хизматининг хабар беришича, бугунги кунда саёрамизнинг 122та давлатида кураш федерациялари, 5 қитъада кураш конфедерациялари фаолият юритмоқда.

Қайд этилишича, кураш – ўзбекча сўз бўлиб, ҳалол йўл билан мақсадга эришиш деган маънони билдиради. Ўтган замонларда у миллий байрам, тўй ва зиёфатларда намойиш этиладиган жисмоний кўнгилочар мусобақа сифатида машҳур бўлган. У ҳақидаги маълумотларни кўплаб қадимий адабиётларда ҳам учратиш мумкин.

Уч минг йил мобайнида Кураш Марказий Осиё ҳудудидан ташқарида маълум бўлмаган. Мазкур ҳудуддаги қардош халқларнинг тўйу байрамлари курашсиз ўтмаган.

Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ миллий қадриятимизнинг ажралмас бўғини ҳисобланган курашни жаҳон майдонига олиб чиқиш ишлари бошланди. 1998 йил 6 сентябрь Кураш Халқаро Ассоцицияси тузилиб, кураш спорти халқаро спорт тури сифатида тан олинди.

Top