17:01 / 09.09.2015
5083

Курд жангарилари Туркия шарқидаги полиция маҳкамасини ўққа тутди

Курдистон ишчилар партияси жангарилари гранатомёт орқали Туркия шарқидаги Ағри провинцияси полиция бошқармаси биносини ўққа тутди. Маҳаллий телевидениенинг хабар беришича, босқинчилик ҳаракати сешанба, 8 сентябрь тунида содир бўлган.

Террористлар гранатомёт ва автоматлар ёрдамида полиция маҳкамасини мунтазам равишда ўққа тутган. Тартиб посбонлари ҳам жавоб қайтарган. Қисқа отишмадан сўнг жангарилар яширинишган. Ҳудудда террористларни қидириш ва қуролсизлантириш операцияси олиб борилмоқда. Туман қуршаб олинган. Қуролли кучлар томонидан қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ.

Шу билан бир қаторда, ўтган тунда намойишчилар билан тўқнашувда бир полициячи жароҳат олган. Ниқобланган бир гуруҳ кишилар Бейбахча туманида кўчага чиқиб, Курдистон ишчилар партиясига нисбатан бағрикенглик талаб қилишган. Улар чиқинди контейнерларини ағдарган, йўлларни бекитиб қўйиб, ёқиб юборишган. Ноқонуний акция жойига етиб келган полициячилар тўдаларни тарқатиб юборган, бироқ намойишчиларнинг қаршилигига дуч келган. Айрим намойишчилар полиция ходимларига қарши ўқ отар қуроллардан ҳам фойдаланиб, бир полициячини оёғидан жароҳатлаган.

Top