22:08 / 14.09.2015
2328

Россия Федерал антимонопол хизмати (ФАС) Google компаниясини антимонопол қонунчиликни бузганликда айбдор деб топди

Россия Федерал антимонопол хизмати (ФАС) АҚШнинг Google компаниясини Россиянинг “Рақобатни ҳимоя қилиш тўғрисидаги” қонунини бузганликда айбдор деб топди, деб хабар бермоқда ФАС матбуот хизмати. 

Энди Google ўзининг бозордаги тушумидан 1 фоиздан 15 фоизгача миқдордаги жаримага тортилиши мумкин, деб айтди ФАСнинг ахборот технологиялари бошқармаси бошлиғи Владимир Кудрявцев.

Google компанияси матбуот хизматида ФАС қарори олингандан кейин компания уни ўрганиб чиқиши маълум қилинди.

Россиянинг “Яндекс” қидирув тизими 18 февралда ФАСга Google’ни Россиянинг антимонопол қонунчилигини бузишини текшириб кўриш талаби билан даъво аризаси топширган эди. “Яндекс”да АҚШлик рақобатчиси Android операцион тизимини Google қидирув хизмати ва бошқа хизматлардан ажратиши зарур деб ҳисобланмоқда. Акс ҳолда Android-смартфонлар бозорида эркин рақобат тамойили бузилади, чунки бу ерда Google компанияси Android негизидаги ўзининг прошивкалар вариантларидан фойдаланмоқчи бўлган ишлаб чиқарувчиларга босим ўтказиши мумкин.

Эркин рақобат тамойилини бузувчи Google’нинг смартфон ишлаб чиқарувчилар билан шартномасининг бандларидан бири сифатида Android-смартфонларнинг дастлабки экранида қидирув тизимига чекловнинг мавжудлиги айтилмоқда, ушбу биринчи экранда фақатгина Google қидирув тизими чиқиши мумкин. АҚШ компанияси ўзига қўйилган айбловларни инкор этди.

Март ойида Nokia, Oracle, Microsoft, TripAdvisor ва бошқа компаниялар кирувчи FairSearch компаниялар альянси “Яндекс”нинг Google’га қарши ҳаракатларини қўллаб-қувватлашларини маълум қилишган эди.

Top