18:42 / 14.09.2015
23897

Сайёрамиздаги ғайриоддий шаршаралар

Баланд қоялардан гулдурос овоз билан отилиб тушаётган сув ўзгача бир манзара ҳосил қилади. Айнан шу туфайли сайёҳлар ташриф буюрадиган масканлардан бирига айланган. Уларнинг баландлиги ва қудрати кишини оҳанрабо сингари ўзига тортади.

Дарвоқе, ер юзида шундай шаршаралар борки, улар баландлиги ёки катталиги билан эмас, ташқи кўриниши билан бошқа шаршаралардан ажралиб туради. 

Сувости шаршараси, Маврикий

Леморн Брабант яримороли қирғоғида ғайриоддий сувости шаршараси мавжуд. У англаб бўлмас тарзда қумлоқ ичидан тўғри океан тубига отилиб тушади.

Вайпугия шаршараси, Гавайи

Гравитация қонунига зид равишда Вайпугия ёки “Тескари” деб аталувчи шаршара сув оқиши лозим бўлган тарафга, яъни пастга эмас, балки юқорига қараб оқади. Бу табиат ҳодисаси аслида сув оқимини юқорига кўтарувчи кучли шамоллар таъсирида юз беради. Бу тескари шаршарага ўхшаган шаршаралар Ирландия, Исландия ва Буюк Британияда ҳам бор.

Оловли шаршара, Калифорния

Ҳар йили февраль ойида ушбу шаршарада ғаройиб манзара ҳосил бўлади. Маълум бир бурчак остида тушган қуёш нури ҳисобига 650 метр баландликдан тушаётган сув оқими худди ловуллаб оқаётган лава кўринишини олади. Шаршаранинг яна бир номи Хорстейл, яъни “От думи” бўлиб, у бу номни сув оқимининг кўриниши туфайли олган.

Ёпишқоқ шаршара, Таиланд

Одатда, сув таъсирида тошлар силлиқланиб кетади, лекин Буа Тонг шаршарасида бундай эмас. Сув ёпишқоқ ғадир-будир оҳактошлар узра оқади. Оҳактошлар шу даражада ёпишқоқки, унга сирпаниб кетишдан қўрқмасдан осилиб чиқиш мумкин.

Унитаз шаршара, Хитой

Она табиат мўъжизакор, лекин хитойлик рассом Шу Йонгга топқирликда анча-мунчаси бас келолмайди. У 10 минглаб унитазлардан шаршара ясаган. Уларнинг бари сув тизимига уланган бўлиб, ўзига хос кўриниш ҳосил қилган. Баландлиги беш метрли бу сунъий шаршара баъзан сайёҳлар учун ишга туширилади.

Маквей пляж шаршараси, Калифорния

Бу шаршара суви тўғри оқ қумли пляжга тушади. Сув кўпайган даврда эса шаршара океанга оқади. 

Хрёйнфоссар шаршараси, Исландия

Хрёйнфоссар шаршараси Виудгельмир лава ғори яқинида жойлашган бир нечата кичик шаршаралардан ташкил топган. Шаршаранинг номи ҳам айнан “Лавали шаршара”, деган маънони билдиради. 

Музлик шаршараси, Исландия

Музликлар доимий ҳаракатланадиган жойларда, масалан, Исландия муз ғорларида кўпинча антиқа шаршаралар пайдо бўлади. Музли ғор деворларида акс этган нур сеҳрли манзара ҳосил қилади.

Туманли шаршара, Исландия

Биз яна мўъжизалар мамлакати Исландияга йўл оламиз. Туманли шаршаранинг кўриниши жудаям ажойиб, лекин афсуски бу ғайритабиий табиат ҳодисасига ҳар доим ҳам гувоҳ бўлавермайсиз. 

Қонли шаршара, Антарктика

Антарктика музликлари ичидан отилиб чиқувчи қип-қизил суюқлик одамни қўрқитувчи манзара ҳосил қилади, лекин бахтимизга у ҳақиқий қон эмас. Дастлаб олимлар бу ҳодисага сувўтлар сабабчи деб ўйлашганди, бироқ маълум бўлишича, сув таркибидаги темир оксиди уни қизил рангга бўяр экан.

Музлаган шаршара, Иллинойс

Музлаган шаршаралар ўта совуқ ҳарорат оқибатида пайдо бўладиган кенг тарқалган табиат ҳодисасидир. Ёввойи мушук каньонида жойлашган мана бу шаршара каби айрим шаршаралар экстремал ҳиссиёт ишқибозлари орасида жуда оммабоп.

Бигар шаршараси, Руминия

Ўзига хос шакл ва зумрад-яшил мох ўтлари қопламаси бу шаршарага баландлиги саккиз метрли қўзиқорин кўринишини беради. Қўзиқорин “қалпоғи” бўйлаб оқадиган кумушранг сув эса манзарага янада гўзаллик бағишлайди.

Игуасу шаршаралари, Аргентина, Бразилия

Айтишларича, Элеонора Рузвельт Игуасу шаршараларига кўзи тушгач: “бечора Ниагара” деган экан. Бунга ҳайрон қолмаса ҳам бўлади, зеро Игуасу Аргентина ва Бразилия ўртасида жойлашган улкан, майдони 2,7 километрли шаршаралар мажмуасидан иборат.

Анхель шаршараси, Венесуэла

Анхель дунёдаги энг баланд шаршара ҳисобланади ва ўтиб бўлмас чангалзорлар ичида жойлашганига қарамай ҳар йили уни томоша қилгани минглаб сайёҳлар келадилар. Унинг баландлиги Ниагара шаршараси баландлигидан 15 баробар кўпдир.

Баатара шаршараси, Ливан

Баатара шаршараси 1952 йилда кашф этилган. Бу шаршара фантастик фильм манзарасини эслатади. Сув учта тош кўприк орасидан улкан Юра даври ғори ичига тушади.

Хукоу шаршараси, Хитой

Хукоу шаршараси Хитойда катталиги жиҳатидан иккинчи ўринда туради ва унинг суви ранги тилларанг-сариқ тусда товланади. Сувга сариқ тусни оқим оқибатида кўтариладиган тупроқ зарралари беради.

Иерве эль Агуа тошли шаршараси, Мексика

Hierve el Agua испанчадан таржима қилинганда “қайнаётган сув”, деган маънони билдиради — бунга минерал булоқларнинг пуфакчали сувлари сабаб бўлган. Иерве эль Агуа узоқдан тоғ ёнбағрида музлаб қолган шаршарани эслатади, аслида бу ер фойдали қазилмаларга бой маскан ҳисобланади. Сув худди ғорлардаги кби сталактитларни юзага келтиради.

Swarovski биллур олами, Австрия

Кўзлари яшил кристаллардан тайёрланган улкан махлуқ боши остида “Swarovski” фирмасининг 100 йиллик юбилейига атаб барпо этилган биллур музейи жойлашган. Махлуқнинг оғзидан доимий равишда сув отилиб туради.

Руби-Фоллс ерости шаршараси, Теннеси

Бошқа ғор шаршараларидан фарқли ўлароқ, Руби-Фолсс тўлалигича ер остида жойлашган. Баландлиги 45 метрли шаршара Теннеси штатининг энг диққатга сазовор маскани ҳисобланади. Махсус неон чироқлари билан ёритиладиган сув мусаффо ерости кўлига тушади.

Ventisquero Colgante осилиб турувчи музлиги, Чили

Жарлик ёқасида осилиб турувчи музлик Чили жанубидаги Кеулат миллий паркида жойлашган. У тўсиқлар билан ўралгани боис бошқа шаршараларчалик машҳур эмас. Сув бутун йил давомида музлик эриши оқибатида оқиб туради, лекин об-ҳаво шароити ва музлик ҳолатига қараб оқим ўзгариб туриши ёки бир неча алоҳида ирмоқларга бўлиниши мумкин.

Сув бутун йил давомида музлик эриши оқибатида оқиб туради, лекин об-ҳаво шароити ва музлик ҳолатига қараб оқим ўзгариб туриши ёки алоҳида ирмоқларга бўлиниши ҳам мумкин.

Манба: xabardor.uz

Top