16:17 / 15.09.2015
9764

Ўзбекистон қўшниларига йирик ГЭСлар қуришдан воз кечишни таклиф қилди

Ўзбекистон табиатни асраш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Абдусаматов ОБСЕнинг Прагада ўтаётган XXXIII иқтисодий ва экологик форумининг якуний учрашувида Ўзбекистоннинг Роғун (Тожикистон) ва Қамбарота (Қирғизистон) ГЭСларининг қурилиши борасидаги позициясини баён қилди.

Унинг сўзларига қараганда, Марказий Осиёда мана шундай йирик гидроиншоотлар қурилиши лойиҳалари жиддий экологик хавф-хатарни келтириб чиқармоқда.
“Гап табиий, техноген характердаги потенциал офат ва ҳалокатлар ҳақида кетмоқда. Ўнлаб шаҳарлар ва аҳолижойларнинг сув остида қолиши, экологик вазиятга, биохилма-хилликка таҳдид ҳақида гап бормоқда”, - таъкидлади Абдусаматов.

Унинг фикрича, экологик вазият борган сайин мураккаблашаётган бугунги замонда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳам энг долзарб муаммолардан бирига айланмоқда:
“Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсиши аҳоли ўсишидан ортда қолаётгани бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон охирги йилларда бу борада кенг миқёсли чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, ирригацион соҳадаги ислоҳотлар натижасида сув харажати 20 фоизга қисқартилди”.

Ўз чиқишида вазир яна бир бор Ўзбекистон билан қўшни давлатларга йирик ГЭСлар қурилиши лойиҳаларидан воз кечишни таклиф қилди.

Top