19:31 / 16.09.2015
3568

Мурод Исмоилов "Нефтчи" жамоасидан истеъфога чиқарилди

Фарғонанинг "Нефтчи" жамоасида бош мураббий ўзгарди. Жамоада Мурод Исмоилов ўрнига Андрей Фёдоров бош мураббий бўлгани эълон қилинди.

Чемпионатнинг сўнгги турларида жамоани ўйинларга Андрей Фёдоров бошлаб келаётгани мутахассис ва мухлислар орасида ҳар хил шубҳаларга туртки бўлиб келаётган эди.

Қисқа таътилдан кейин клубда ўтказилган мажлисда бу масалага ҳам ойдинлик киритилди.

"Бош мураббий бўлиш жуда ҳам катта масъулият ва жавобгарликни талаб қилади. Жамоанинг ўйинига барча клуб аъзолари ўз ҳиссасини қўшгани билан, маълумки, натижага энг аввало бош мураббий жавоб беради. Иккинчи даврадаги 5та ўйиндан 4таси жамоамиз учун мағлубият билан якунланди. Бундай натижа раҳбарият ва мухлисларни қониқтирмагани табиий ҳол. Қолаверса, Мурод Исмоилов ҳам соғлиғи ёмонлашгани боис, учрашувларда иштирок эта олмаётгани инобатга олиб, ўз хоҳишига кўра бош мураббийлик лавозимидан бўшаш, лекин, жамоада мураббий сифатида ишлашни давом этиши хақида ариза ёзган. Ўзаро келишилган ҳолда уни Андрей Фёдоров билан алмаштиришга қарор қилдик. Яна бир марта таъкидлаб ўтаман, бу қарорга барча томонларнинг розилиги билан келишилди. Биз учун энг муҳими жамоани ўйин пайти мураббийлар штабидан ким бошқариши эмас, балки ғалаба қозонишдир. Шунинг учун ҳам мавсум охиригача бош мураббий вазифасини бажарувчи бўлиб, Фёдоров фаолият кўрсатади, - дейди бош мураббий масаласи ҳақида “Нефтчи” клуби раиси Тоҳир Кападзе.

Top