20:35 / 18.09.2015
4791

«ЛУКОЙЛ» Ўзбекистонда 30 миллиард кубометр табиий газ қазиб олди

Ўзбекистонда «ЛУКОЙЛ» компанияси бошқарувчилигида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида қазиб олинган табиий газнинг умумий ҳажми 30 млрд кубметрни ташкил этди. Ушбу ҳажмнинг асосий қисми (85 фоизга яқин) Бухоро вилоятида жойлашган Хаузак-Шоди участкасига тўғри келади. Бу ҳақда «ЛУКОЙЛ» матбуот хизмати пресс-релизида маълум қилинган.

Хаузак-Шоди участкасида газ қазиб олиш кенг кўламли ишлар 2007 йилнинг ноябрь ойида бошланган эди. 2011 йилда Ғарбий Шоди участкаси ишга туширилди. 2014 йилда мазкур ҳудудда газ қазиб олиш ҳажмини 20 фоизга оширган қўшимча сиқиш компрессор станцияси ишга туширилди.

Жорий йилнинг май ойида «Қандим илк гази» лойиҳаси доирасида Қандим конлари гуруҳига кирувчи Қувачи-Олот конида ҳамда Денгизкўл конидаги Шимолий Шоди участкасида газни дастлабки тайёрлаш маҳсус қурилмалар синов тарзда ишга туширилди.

Бугунги кунда Хаузак-Шоди участкасида қазиб олинган газнинг умумий ҳажми деярли 25 млрд кубометрни ташкил этмоқда.

«Жануби-ғарбий Ҳисор» лойиҳаси асосида табиий газни қазиб олиш ишлари 2011 йилнинг декабрь ойида бошланган.

«Ҳисорни тўлақонли ривожлантириш» лойиҳаси эса 2013 йилнинг баҳорида амал қила бошлади.

Қурилишнинг бош объектлари – участканинг таянч базаси, йилига 5 млрд кубометр газни комплекс равишда тайёрлаш ҳамда 1,8 млрд кубометр газни дастлабки тайёрлаш қурилмаларидир. Ҳисорда шу пайтга қадар қазиб олинган газнинг умумий ҳажми тахминан 5 млрд кубометрни ташкил қилади.

2004 йилдан буён ЛУКОЙЛ «Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда кенг қамровли лойиҳаларни амалга ошириб, мамлакатдаги энг йирик чет эл сармоядори ўрнини сақлаб келмоқда.

Top