09:18 / 20.09.2015
1974

Буюк Британия канцлери 20 сентябрда Хитойга бир ҳафталик сафарини бошлайди

Буюк Британия учун янги бозорларни қидириш ва Лондонга 10 йилдан бери биринчи марта Хитой етакчисининг ташрифи билан боғлиқ тайёргарлик ишларини муҳокама қилиш мақсадида 20 сентябрь куни Буюк Британия канцлери Жорж Осборн бошчилигидаги вазирлар, тадбиркорлар ва шаҳарлар мэрлари делегацияси Хитойга ишчи сафарини бошлайди.

Хитой раиси Си Цзиньпин октябрда Лондонга ташриф буюриши режалаштирилган. Бу икки давлат етакчиларининг 2014 йилда сентябрь ойидан Гонконгда фаоллар бир неча ой давомида бизнес-марказни қуршаб олиб, ҳудуд раҳбарининг сайловлар орқали сайланишини талаб қилганлари туфайли юзага келган совуқчиликдан кейинги биринчи учрашувлари бўлади. Ўшанда Хитой ҳукумати ҳаракатни ноқонуний деб топиб, декабрь ойида Хитой полицияси Гонконгнинг асосий кўчаларидан биридан фаоллар барпо этган тўсиқларни тўлиқ олиб ташлаган эди.

Британия парламент аъзоларининг бир гуруҳи Гонконгга ушбу ҳолатни тергов қилишга бормоқчи бўлганларида Хитой уларга мамлакатга киришга рухсат бермаган ва Гонконгдаги воқеалар Хитойнинг ички иши эканлигини уқтириб қўйган.

Британия канцлери етти кунлик сафари давомида Пекин, Шанхай, Чэнду шаҳарларига ташриф буюради. Ташрифдан кўзда тутилган асосий мақсадлардан бири янги бозорларни очишдаги янги имкониятларни ўрганишдан иборат бўлади, деб таъкидламоқда Осборн.

Ташрифнинг марказий воқеаси Пекинда навбатдаги “Иқтисодий ва молиявий суҳбат” Британия-Хитой анжуманининг ўтказилиши бўлади.

Top