Шокин Самсун Гран-Присидаги мағлубияти ҳакамларнинг нохолислиги туфайли юз берганини айтди
Ўтган ҳафтада Туркиянинг Самсун шаҳрида таэквондо бўйича иккинчи Гран-при мусобақаси бўлиб ўтди.
Ярим финалда эронлик азалий рақибига ютқазиб қўйган Дмитрий Шокин вакилларимиз орасида ушбу турнирда шоҳсупага кўтарилган ягона спортчига айланди.
"Бир неча турнирлардан буён енгилмас бўлиб келаётган Шокинни бу сафар рақиб эмас, ҳакамлар енгишди", дейилади sports.uz нашрида.
Ўша жанг тасвирланган видеолавҳадан кўринишича, жанг пайти рақиб Шокинни қўли билан ушлаб олган ва бошининг орқа қисмига зарба берган (бу пайт эронлик спортчи 6:5 ҳисобида олдинда эди).
Бундай вазиятда қоида бузилгани учун 3 очко олиб ташланиши керак ҳисобланади. Бироқ ҳакамлар рақибга шунчаки огоҳлантириш беришган.
Қолаверса, мусобақадан сўнг Шокиндан интервью олинган пайтда тажримон ҳам яхши ишламаган. Спортчи ҳакамлардан норози эканлиги ва уларнинг хатосини айтганида таржимон бу жумлаларни таржима қилмаган. Бундан жаҳли чиққан Шокин кейинги саволга ўзи инглиз тилида жавоб бера қолган.