22:39 / 01.10.2015
10765

Россия самолётлари ИШИДнинг муҳим объектларига такроран зарба берди

Россия Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолётлари ИШИДнинг Сурия ҳудудидаги Ҳама вилоятидаги базаларига такроран ҳаво зарбалари йўналтирди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги вакили генерал-майор Игорь Конашенков хабар қилди.

"Ҳама вилояти ҳудудида бизнинг самолётларимиз ИШИДнинг ишлаб чиқариш объектларини такроран бомбардимон қилди", дейди Конашенков.

Унинг айтишича, сурияликлар бу ҳудудларда 30 сентябрь кунги ҳужумдан кейин тикланиш ишлари олиб борилаётганини аниқлашган.

"Бу маълумот олинганидан кейин Эл-Латамна туманидаги бир неча нуқталарга зарбалар берилди ва у жойларда улкан ёнғинлар бошланди", дейди у.

Бундан олдинроқ, Россия авиацияси бир кун давомида Суриядаги амалиётларда ИШИДнинг 12та объектини бомбардимон қилгани ва натижада снарядлар тайёрловчи кичик заводлар ва омборхоналар, Идлиб туманидаги аслаҳалар омбори, шунингдек, Ҳама туманидаги жангариларнинг қўмондонлик пункти йўқ қилингани ҳақида хабар берилганди.

Top