17:40 / 02.10.2015
6226

Мираброр Усмонов: Рустам Мирсодиқовни терма жамоалардан бирига мураббий қилиш ҳақида ҳам ўйлагандик

Бугун Ўзбекистон Футбол Федерациясининг анжуманлар залида Мираброр Усмонов ЎзПФЛ клублари раҳбарлари ва мураббийлари билан учрашди.

Федерация президенти кун тартибидаги масала бўйича мавзуни очар экан, Рустам Мирсодиқов ҳақида алоҳида гапириб ўтди.

“Масалан, кенгаш томонидан тақдим этилган биздаги маълумотларга кўра, мавсум охиригача лицензияси олиб қўйилган Рустам Мирсодиқовнинг ҳаракатлари авваллари ҳам шубҳали кўринган бўлса-да, охирги вақтларда яхши томонга ўзгарган эди. У ўзбек футболи учун жуда катта ишларни қилган ва қилган меҳнатларини биз қадрлаймиз. Айтсам ишонмайсиз, мураббийлар кенгашининг қайсидир мажлисида, 2 ойча илгари, терма жамоалардан бирига унинг номзодини ҳам кўриб чиққан эдик. Минг афсуски, Рустам Мирсодиқов қинғир ишларнинг қурбони бўлди. Бу ишнинг устида турганлар эса унинг бугунги аҳволини жимгина кузатишди”.

“Пахтакор”-“Металлург” учрашувида юз берган воқеа, бу катта шармандаликдир”, - дейди у. Тўғри, биз ҳозирча, Рустам Мирсодиқовнинг мураббийлик лицензиясини мавсум охиригача қайтариб олдик. Лекин, бу билан ушбу масалага нуқта қўйилмади. Бу масалага Ижроия Қўмитаси аъзолари ҳали қайтишади ва мавсум охирига қадар можарога дахлдор бошқа жиҳатлар ҳам ўрганилиб, тегишли чоралар қўлланилади. Биз “Пахтакор” масаласини атрофлича ўрганиб, жамоатчилик учун жумбоқлигича қолаётган жазо чорасини белгилаймиз. Бунга вақт керак”, - дейди Усмонов.

Бундан олдинроқ, «Пахтакор» - «Металлург» учрашуви келишилган деб топилгани ва Рустам Мирсодиқовнинг мураббийлик лицензияси бекор қилингани ҳақида хабар берилганди.

Top