15:26 / 05.10.2015
8339

Тиббиёт соҳасида Нобел мукофоти совриндорлари номи маълум бўлди

2015 йил учун Тиббиёт йўналиши бўйича Нобел мукофоти биратўла 3 нафар кишига топширилди.

Хусусан, Уильям Кэмпбелл ва Сатоши Омура паразит-чувалчангларга қарши препарат ишлаб чиққани учун, Юю Ту эса безгакка қарши дори яратгани учун мукофотланди. Бу ҳақда Нобел мукофоти қўмитаси сайтида батафсил маълум қилинган.

Ўтган йили тиббиёт йўналишидаги Нобел мукофоти физиология соҳасидаги изланишлар олиб бориб, миянинг йўналтириш тизимига жавоб берувчи ҳужайралар борлигини кашф қилгани учун эр-хотин Майбрит ва Эдвард Мозерга, шунингдек, Жон О`Кифга берилганди.

Бу йилги рақобат 327 нафар олим ўртасида (шундан 57 нафари илк бор номзод) кечди.

Бу йилги ғолиблар Кэмпбелл ва Омура мукофот маблағининг тенг ярмини олади. Хитойлик Юю Туга эса мукофотнинг қолган қисми насиб этади.

Физика йўналиши бўйича ғолиб ёки ғолиблар номи эртага, 6 октябрь куни эълон қилинади.

Top