Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бокс бўйича ЖЧнинг иккинчи кунида жанг ўтказган ўзбекистонлик боксчиларнинг барчаси ғалаба қайд этди
Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари зафарли одимлашда давом этишмоқда.
7 октябрь куни ўтказилган баҳслар давомида энг оғир вазндаги боксчи Баҳодир Жалолов (+91 кг) ҳам ўзининг биринчи жангини ғалаба билан якунлади. Жазоир вакили Муҳаммад Гримесга қарши баҳс юритган ҳамюртимиз рақибидан анча устун эканлигини намойиш этди ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Баҳодир Жалолов 9 октябрь куни ўтказиладиган нимчорак финалда кубалик Линер Перога қарши рингга кўтарилади.
Шу тариқа, кеча рингга кўтарилган ўзбекистонлик уч нафар чарм қўлқоп усталари Элнур Абдураимов (-60 кг), Элшод Расулов (-81 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) дастлабки ғалабаларни қўлга киритиб, совринли ўринлар учун курашни давом эттирадиган бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, биринчи кун бўлиб ўтган мусобақаларда Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг) ва Бектемир Мелиқўзиев (-75 кг) рақиблари устидан ишончли ғалабаларни қўлга киритишган эди.
Иккинчи кунги мусобақалар якунига кўра, жаҳон чемпионатига йўл олган жами 9 нафар чарм қўлқоп усталаримиздан 5 нафари дастлабки босқичдан муваффақиятли ўтди. Яна тўрт нафар ўзбекистонлик боксчи бугундан баҳсларга киришади.