12:41 / 08.10.2015
7456

Курдлар ИШИД томонидан кимёвий қурол қўлланганини айтмоқда

ИШИД жангарилари Ироқ шимолида курдлар жойлашган ҳудудларга иприт гази тарқатувчи снарядлар йўллаган. Бу ҳақда курдларнинг "Пешмерг" гуруҳи вакиллари маълум қилишди.

Маълум қилинишича, ИШИД жангарилари курдларнинг базаларига 37та химиявий снаряд йўллаган ва натижада ҳудудда оқ тутун ва заҳарли қора суюқлик пайдо бўлган.

"Пешмерг" гуруҳининг ўнлаб аскарлари қони таҳлил қилинганида, уларда хантал гази таъсири ва дихлордиэтилсульфид аниқланган.

Ушбу ҳужум оқибатида келтирилган талофатлар ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Курдлар ўзлари учун кимёвий қуролдан сақланиш воситаларини сўрашмоқда.

Сентябрь ойида АҚШ ҳукумати ИШИД томонидан Ироқ ва Сурия ҳудудида кимёвий қуроллар қўлланилаётгани борасидаги шубҳаларини билдириб ўтганди. АҚШ разведкаси камида 4 марта шундай ҳужум амалга оширилганини аниқлаган.

Август ойида ҳам Германия Мудофаа вазирлиги курдларнинг 60 нафар аскарида ИШИД ҳужуми туфайли нафас олиш билан боғлиқ муаммолар юз берганини қайд қилганди ва жангарилар кимёвий қуроллардан фойдаланаётган бўлиши мумкинлиги айтилганди.

Хантал гази тақиқланган кимёвий қуроллар сирасидан ҳисобланади. Унинг таъсирида терида яралар пайдо бўлиши, кўришда ва нафас олишда муаммоларга дуч келиниши мумкин.

Top