18:12 / 08.10.2015
4329

Мишель Платини ўзининг ФИФА ахлоқ қўмитаси томонидан жазоланишига муносабат билдирди

УЕФА президенти Мишель Платини ФИФА ахлоқ қўмитаси томонидан 90 кунга футболдан четлатилгани борасидаги хабар бўйича баёнот берди. Европа футболи раҳбарининг баёноти УЕФА расмий сайтида эълон қилинган.

«Кеча мени ФИФА ахлоқ қўмитаси 90 кунга ташкилот фаолиятидан четлатгани ҳақида хабар беришди. Бу хабарнинг ФИФА расмийлари томонидан айтилиши масаланинг қай даражада жиддий эканини кўрсатиб турибди. Ахлоқ қўмитаси бу каби қарорларни мустақил равишда эълон қилади. Шунга қарамай ҳозирча бу қарор тўлиқ кучга кирмаган».

«Бу тарқалган хабарлар атайин мендан ўч олиш мақсадида қилинган, фаолиятимга таҳдид солишга очиқ-ойдин уринишдир».

Ўтган бир неча ҳафта мобайнида мен ФИФА билан процессуал нормаларга амал қилган ҳолда тергов олиб бориш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканимни билдирдим. ФИФА эса ўз навбатида бу муносабатларни оёқ ости қилди».

«Мен ҳар доим ўзимни ҳалол, самимий ва жасоратли бўлишга руҳан мажбуриятли одам сифатида тутиб келаман ва бунга амал қиламан. Агар бу қарорни ахлоқ қўмитаси тўғри деб ҳисобласа, мен асл ҳақиқатни ошкор қилиш учун бор кучимни ишга соламан ва бу йўлда тўхтаб қолмайман».

«Ҳозирча эса адолатли, холис ва мустақил ФИФА ахлоқ қўмитаси менга нисбатан тергов ҳаракатларини бошлади».

«Мен ҳозирги қийинчиликларни мутлақ аниқлик ва бирдамлик билан енгиб чиқишимизга ва футболнинг асл кучини кўрсата олишимизга ишонаман», – дея баёнот беради Платини УЕФА расмий сайтида.

Top