07:36 / 09.10.2015
3291

Арманистон президенти 6 декабрга конституциявий ислоҳот бўйича референдум ўтказилишини белгилади

Арманистон фуқаролари республика конституциясига ўзгартиришлар киритилишига ўз муносабатларини билдиришлари керак бўладиган референдум 6 декабрда ўтказилади. Бу ҳақда 8 октябрда чоп этилган Арманистон президенти Серж Саргсяннинг фармонида айтиб ўтилган.  

Конституциявий ислоҳот Арманистоннинг бошқарувнинг парламент шаклига ўтишини назарда тутади.

5 октябрда Арманистон парламенти кўпчилик овоз билан референдумнинг ўтказилишига розилик берди.

Ислоҳот лойиҳасига кўра, Арманистон президенти чегараланган ваколатларга эга бўлади ҳамда умумий ва тўғридан-тўғри овоз бериш натижаларига кўра эмас, балки парламент депутатлари томонидан сайланади. Президент ваколатлари муддати ҳозирдаги 5 йил ўрнига 7 йил бўлиши ва шу билан бирга фуқаро бу лавозимни такроран эгаллаш ҳуқуқига эга бўлмаслиги назарда тутилган.

Ҳозирда Арманистонда 1995 йил 5 июлда қабул қилинган ва 2005 йил 27 ноябрда ўзгартиришлар киритилган конституция амал қилади.

Top