09:22 / 09.10.2015
3790

Ўзбекистонлик 4 нафар боксчи ЖЧ чорак финалига чиқди

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида 8 октябрь куни рингга кўтарилган ўзбекистонлик 5 нафар боксчидан тўрт нафари навбатдаги ғалабаларни қўлга киритиб, чорак финал йўлланмасига эга бўлишди.

Дастлаб Муроджон Ахмадалиев (-56 кг) ушбу вазн тоифасида биринчи рақамда сараланган қозоғистонлик Қайрат Ералиевни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.

Шундан кейин, Фазлиддин Ғоипназаров (-64 кг) мезбонлар вакилини биринчи раунддаёқ нокаутга учратди. Бектемир Мелиқўзиев франциялик Кристиан Ассомодан 2:1 ҳисобида устун келди. Юқори вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Рустам Тўлаганов ҳам Янги Зеландия вакили Дэвид Ниик устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди.

Кеча бўлиб ўтган баҳсларда фақатгина Ҳасанбой Дўстматов озарбайжонлик Руфат Хусейновга 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.

Шу тариқа, жаҳон чемпионатига йўл олган 9 нафар чарм қўлқоп усталаримиздан 4 нафари чорак финалга чиқишди. Бугун яна 4 нафар боксчимиз чорак финал йўлланмаси учун рингга кўтарилади.

Хусусан, Шахобиддин Зоиров (-52 кг) хитойлик Ху билан, Элнур Абдураимов (-60 кг) Янги Зеландия вакили Чад Милнес билан, Элшод Расулов (-81 кг) туркиялик Карлидағ билан, Баҳодир Жалолов (+91 кг) эса Линиер Перо (Куба) билан баҳс юритади.

Top