16:56 / 09.10.2015
5999

Times: Coca-Cola семизликка ҳомийлик қилмоқда

Coca-Cola компанияси британ олимлари томонидан ўтказилаётган семизлик ва ширин газли ичимликлар истеъмол қилиш ўртасида боғлиқлик мавжуд эмаслигини исботлашга қаратилган тадқиқот ишларига миллион фунт сарфлади, дея хабар берди The Times.

Нашрнинг тасдиқлашича, концерн нафақат ўндан зиёд илмий тадқиқотларни молиялаштирган, балки соғлиқни сақлашга масъул ҳукумат вакилларини ҳам сотиб олган. Шу боис улар ўз чиқишларида Coca-Cola ичимлиги ортиқча вазнга сабаб бўлиши тўғрисидаги маълумотларга шубҳа кўзи билан қарашган.

Айни пайтда, кўплаб эксперт-парҳезшунослар шакарнинг меъёридан ортиқча истеъмол қилиниши семизликка олиб келади, деган хулосага келишган. Биргина Британияда ҳар йили 50 минг киши ортиқча вазн туфайли ҳаётдан кўз юмади. Меъёридан ортиқча шакар истеъмол қилиш келтириб чиқарган касалликларни даволаш эса давлатга 5 млрд фунтга тушади. Парҳезшунослар, шунингдек, нотўғри овқатланиш организмга алкоголь ва сигаретдан кўра кўпроқ зиён келтиради, деган фикрни илгари сурмоқда.

“Coca-Colа компанияси нафақат жамоатчилик фикри, балки сиёсий қарорларни ҳам манипуляция қилмоқчи. Уларнинг бу ҳаракати илмий тадқиқотларга таъсир кўрсатишга интиладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган компаниялар тутадиган йўлни эслатади. Бу ерда манфаатлар тўқнашуви содир бўлмоқда”, - деди

Faculty of Public Health ташкилоти аъзоси Саймон Кепвелл.
Концерн вакилининг The Times нашрига маълум қилишича, компания фақатгина мустақил олимлардан ичимликлар таркибий қисмлари борасида илмий изланишлар олиб боришни буюртма қилади.

Top