20:50 / 11.10.2015
21158

Мияни чархлаш учун Стив Жобсдан 6 машқ

Доимий равишда ақлий меҳнат билан шуғулланадиган киши учун фикрлаш тезлиги ҳар доим ҳам юқори даражада бўлавермайди.

Машҳур Стив Жобс мияни чархлаш учун ўзига хос машқлар билан шуғулланган. У ўз биографи Уолтер Айзексонга медитациянинг самараси ҳақида ёзиб, унинг мия учун нақадар фойдали эканлигини таъкидлаган.

Айзексон Стив Жобс шуғулланган машқлар ҳақида шундай маълумот беради.

1-машқ

Оёқларингизни чалиштириб, ҳеч ким халал бермайдиган тинч жойда ўтиринг. Чуқур нафас олинг.

2-машқ

Кўзларингизни юминг ва миянгизда чарх ураётган фикрларга қулоқ солинг: иш, уй, телевизор...  Булар миянгиздаги «саркаш онг»га тегишли бемаъни фикрлар. Уларни тўхтатишга уринманг. Шунчаки онгингиз у фикрдан бу фикрга ўтишини кузатинг. Бу машқни кунига 5 дақиқадан бир ҳафта давомида бажаринг.

3-машқ

Фикрлар айланишини тўхтатмаган ҳолда диққатингизни «иродавий онг»га қаратинг. «Иродавий онг» ҳеч нарсага баҳо бермайди, маъно изламайди, у шунчаки кўради, эшитади ва ҳис қилади. Аксарият кишилар бу онгнинг мавжудлигини билишмайди ҳам.

4-машқ

Ўз «иродавий онг»ингизни англай бошлагач, мунтазам равишда «саркаш онг»ни тўхтатишга ўтинг.

5-машқ

«Саркаш онг»ни тинчлантиргач, эътиборингизни «иродавий онг»га қаратинг. Сиз ҳавонинг баданингизга тегишини ҳис қила бошлайсиз. Танангизда оқаётган қонни ҳис қиласиз. Кўзларингизни очганингизда дунё сизга бошқача, янгидек кўринади.

6-машқ

Бу ҳолатга эришиш учун вақт талаб қилинади. Медитация жараёни давомийлигини доимий равишда узайтириб боринг.

Доимий равишда медитация билан шуғулланиш қуйидаги омилларга сабабчи бўлади:

1. Стресс – зўриқишдан қутуласиз. Оғир вазиятларда ҳам хавотирга тушмайсиз.

2. Уйқусизликни унутасиз. 

3. Тиниқроқ фикрлай бошлайсиз ва ҳаётингиздаги воқеаларни тўғри баҳолай оласиз.

Д.Асқаров

Манба: xabardor.uz

Top