09:04 / 13.10.2015
5334

Трамп: Жанубий Корея уни ҳимоя қилаётган АҚШга кўпроқ пул тўлаши керак

Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод миллиардер Дональд Трамп Жанубий Корея АҚШга уни ҳимоя қилаётгани учун кўпроқ пул тўлаши керак, деб ҳисобламоқда. Бундай баёнотни Трамп Нью-Ҳэмпшир штатида сайловчилар билан учрашув чоғида эълон қилди, дея хабар берди Рёнҳап агентлиги.

“Бу бой давлат. Биз Германия, Япония, Жанубий Кореяни, кўплаб бошқа мамлакатларни ҳимоя қилаяпмиз ва бунинг учун сариқ чақа олаяпмиз”, - деди миллиардер. Аудиториядан кимдир Корея Респебликаси мамлакатда АҚШ қўшинлари жойлаштирилгани учун йилига 890 млн доллар сарфлагани тўғрисида маълумот берганида, Трамп: “бу Америка шунинг учун сарфлаётган маблағлар олдида сариқ чақа”, - дея жавоб берди. Унинг фикрича, Жанубий Корея шунчалик кўп пул топадики, АҚШ билан ҳарбий иттифоқ учун кўпроқ молиявий улуш қўша олади.

Корея Республикасида 28,5 минг АҚШ ҳарбийлари жойлаштирилган. 2014 йилда икки мамлакат уларнинг жойлашувини молиялаштириш масаласини қайта кўриб чиқиб, натижада Сеул ўз улушини умумий харажатларнинг 5,8 фоизига қадар оширди. Жанубий кореялик сиёсатшуносларнинг фикрича, Трампнинг бундай баёноти унинг геосиёсат ва ҳарбий ишларда бутунлай нодонлигини кўрсатади.

Top