15:58 / 15.10.2015
3776

Алишер Усмонов киберспорт соҳасидаги лойиҳага 100 млн доллар киритмоқчи

Алишер Усмоновга тегишли USM Holdings холдинги киберспорт соҳасида Россиядаги йирик уюшмалардан бири ҳисобланган Virtus.pro компаниялар гуруҳини ривожлантиришга инвестиция киритмоқчи. Компания хабарида келтирилишича, USM ва унинг шериклар лойиҳани ривожлантириш учун инвестиция миқдорини 100 млн долларгача ошириши мумкин.

Россиянинг Virtus.pro ташкилоти жамоалари киберспорт бўйича дунё миқёсидаги 250дан зиёд мукофотларни қўлга киритган. Лойиҳа халқаро мусобақа ва лигалар ташкил этиш билан шуғулланадиган, шунингдек, ҳар ойда дунё миқёсидаги 30 миллиондан зиёд аудитория учун турли интернет-майдонларда 1,5 мингдан ортиқ контент ишлаб чиқарадиган компанияларни бирлаштиради. Virtus.pro гуруҳлари интернет манбалари 7,6 млн обуначига эга бўлиб, яратилган контентлар томошаси йилига 1 млрддан ортади.

Хабарда келтирилишича, киберспорт саноати дунёда жадал суръатларда ўсиб бормоқда. SuperData Research маълумотига кўра, 2015 йилда киберспорт бозори ҳажми 612 млн долларни ташкил этди. Киберспорт аудиторияси эса 130 млн кишидан ошди. Айни пайтда мукофот пуллари ҳажми 42 млн доллардан ортган.

Киберспорт, бу – спортнинг медиа ва интернет маконидаги шакли бўлиб, бутун дунёда жадаллик билан оммалашиб бормоқда.

Top