12:17 / 16.10.2015
6708

МХХ санъат музейига XIX-XX асрларга оид 32 картинани қайтарди

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат санъат музейидан ўғирлаб кетилган XIX-XX асрларга оид 32 картинани тезкор тадбир давомида аниқлаб, музейга қайтарди. Бу ҳақда МХХ ходими Лазиз Ибодхўжаев маълумот берди.

Айтилишича, расмлар Ўзбекистон фуқароси Юрий Савинков уйидан топилган. У ушбу санъат асарларини мамлакат ташқарисига олиб чиқиб сотиб юборишга ҳаракат қилган жиноий гуруҳга алоқадорликда айбланмоқда.
Ушбу расмлар Фёдор Васильев, Владимир Орловский, Ўрол Тансиқбоев, Рўзи Чориев, Илья Рубин сингари рассомларнинг ижодига мансуб бўлиб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилмаган.
“Расмларни ўғирлаган жиноий гуруҳ Ўзбекистон маҳсулотларини чет элга ноқонуний олиб чиқиш ва Россия героин етказиш билан шуғулланиб келган. Ноқонуний фаолиятдан олинган пуллар кўчмас мулк, автомобиль ва санъат асарларига тикилган”, - деди Ибодхўжаев.

Илгари Ўзбекистон махсус хизматларининг ҳаракатлари билан Россия Федерациясидан музейга А. Николаевнинг “Мева ушлаб турган қиз”, Н. Караханнинг “Ҳовуз олдидаги қиз”, О. Татевосьяннинг “Балиқ овида”, “Чойхона”, “Ургутга йўл”, “Бухоро” , М. Зоммернинг “Тоғ дарёси устидан кўприк” ва “Шашликхона” расмлари қайтарилган эди. Музейнинг собиқ ходими Мирфайзи Усмонов бошқа ҳамкасблари билан келишган ҳолда оригиналларни нусхаларга алмаштириб, санъат асарларини олиб чиқиб кетгани ва давлатга 47.5 млрд сўм зиён етказгани хабар қилинган эди. 68 минг сурат инвентаризация қилинганида улардан 178таси сохталаштирилгани, 2таси ғойиб бўлгани аниқланди.

Top