16:55 / 16.10.2015
4022

ОАВ: Немис разведкаси АҚШ Давлат департаменти ортидан жосуслик қилган

Германия федерал маълумотлар хизмати (BND) АҚШ Давлат департаментини кузатишни йўлга қўйган. Бу ҳақда Германиядаги Focus нашри хабар берган.

Нашрда ёзилишича, бундан мақсад АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий базалари ҳақида маълумот йиғиш бўлган.

Қайд этиш керакки, бу BND билан боғлиқ илк можаро эмас. Бундан олдинроқ, немис разведкаси 2013 йилгача вақт давомида ЕИ ва АҚШнинг бир қатор давлат идораларини кузатишни йўлга қўйгани маълум қилинганди.

Бундестаг BND маълумотлар базасини ва ташкилот ходимларини текшириш учун махсус комиссия тузилишини маълум қилди.

2015 йилнинг баҳорида бу махсус хизмат АҚШ МХА сўрови бўйича Европадаги давлатлар фуқаролари ортидан жосуслик қилгани ҳақида хабарлар берилганди.

Германия федерацияси ҳукумати жосуслик билан боғлиқ можаролар туфайли тинимсиз равишда мухолифат танқидига учраб келмоқда. Бундестаг депутати Константин фон Нотцнинг ("Яшиллар партияси") қайд этишича, ҳукумат вакилларидан бир қанчаси BND`нинг ноқонуний ҳаракатларидан бохабар бўоган.

Top