11:48 / 16.10.2015
19712

Ўзбекистонда ИШИД ёлловчиси қўлга олинди

Турли алдов йўллари билан айрим юртдошларимиз ИШИД террористик гуруҳи сафига қўшилиб қолмоқда. Шаҳрисабз туманидан Нодир ва Нурбек Жовлиев, косонлик Аброр Бердиев ҳам шулар жумласидан.

Бир оиланинг икки фарзанди одам ёлловчилари таъсирига тушиб, Сурияга жангларда қатнашиш учун йўл олишди. Сўнгра Нодир бошлиқларининг топшириғига кўра янги жангариларни ёллаш учун ватанига махфий равишда қайтиб келади. Бироқ ўз вақтида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олиниб, суд қарорига кўра жазога тортилади.

Хоинларнинг онаси улардан воз кечиб, уятдан одамларнинг кўзига кўрина олмай қолганини айтиб ўтган.

Аброр эса қобилиятли ва ақлли бола бўлиб вояга етди, мактаб таҳсилини тамомлаб, пойтахтдаги олийгоҳга ўқишга кирди. Олий маълумотга эга бўлиб, Қарши давлат педагогика университетига ишга кирди. Уйланиб, фарзандли ҳам бўлди. Кўринишидан рисоладагидек инсон эди.

Бироқ аслида ундай эмас экан. Маълум бўлишича, олийгоҳда ўқиб юрган вақтларида Аброр Бердиев Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган “Ҳизбут Таҳрир” диний-эксремистик гуруҳи аъзосига айланган. Қарши давлат педагогика университетида фаолият олиб борган давр мобайнида талабалар орасида ўзининг экстремистик ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланди. Йигирма нафардан зиёд талаба унинг таъсирига тушиб қолди.

Кейинроқ эса у ўзининг ёш турмуш ўртоғига зуғум ўтказиб, аёллар орасида диний-экстремистик ғояларни тарғиб қилишга мажбурлаган. Бир оз вақт ўтиб А.Бердиев ўз оиласи билан айланма йўллар орқали Тожикистонга ўтиб, “Туркистон ислом ҳаракати” террористик гуруҳи сафига қўшилади. Сўнгра “Исмоил” таҳаллуси остида Афғонистондаги коалиция кучларига қарши жангларда иштирок этади. 2002 йилда Зурмат Шохик тоғларида АҚШ ҳарбийлари билан тўқнашувда ўлдирилади. Бироқ унинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари тақдири ҳамон номаълумлигича қолган.

Муаллиф: Тимур Хамидов, 12news.uz

Top