09:13 / 19.10.2015
3086

Малайзиянинг бир қатор штатларида мактаблар ўрмон ёнғинлари сабабли ёпиб қўйилди

Малайзия ҳукумати қўшни Индонезиядаги ўрмон ёнғинлари оқибатида экологик вазиятнинг кескин ёмонлашгани сабабли 2015 йил 19 октябрдан бошланғич ва ўрта мактабларда машғулотларни тўхтатишга қарор қилди.

Таълим вазирлиги мурожаатида келтирилишича, мамлакат ғарбидаги бир қанча штатлар ва Куала-Лумпурдаги мактаблар вақтинча фаолият кўрсатмайди.

Бу сўнгги бир неча ҳафтадан буён тўртинчи шу каби ҳолат бўлиб, ҳукумат ҳаводаги инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган зарралар сабабли таълим муассасалари ишини тўхтатмоқда.

Шунингдек, Star газетаси хабарига кўра, 18 октябрь куни Кота-Кинабалу (Себах штати маъмурий маркази) аэропортида ҳам қўшни давлатдаги ёнғинлар натижасида келиб чиққан тутун сабабли бир қанча парвозлар вақтини кечиктирган.

Индонезиянинг ўзида кўплаб куч ва воситалар, жумладан, Австралия, Малайзия, Сингапур ва Япониядан келган ўт ўчириш ходимлари ва техникалари жалб этилганига қарамасдан, Калимантан ва Суматра оролларидаги вазият кескинлигича қолмоқда. Бунинг устига, қуруқ об-ҳаво ҳам мамлакат тарихида энг йирик табиий офатга айланган ёнғинларнинг бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишларни секинлатмоқда.

Ёнғинларга маҳаллий фермерлар ва тадбиркорларнинг ўрмонларни ёндириб, ўз хўжалик фаолиятини олиб бориши учун қўриқ ерлар очиши асосий сабаб экани айтилмоқда.

Top