11:25 / 19.10.2015
6928

ОАВ яна мактабдаги мажбурий тўловлар ҳақида

Ўзбекистон матбуотида мактабларда “синф фонди”, “мактаб фонди” сингари баҳоналарда пул тўловларининг ташкил қилиниши масаласи тез-тез кўтарилиб турибди. Бу ҳафта ҳам ушбу долзарб муаммо бир қанча нашрларда ёритилди.

Жумладан, “Даракчи” газетасида чоп этилган кенг мақолада масаланинг бир қанча тарафлари кўриб чиқилди: тўловларнинг мажбурий эмаслиги ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган ҳолатлар.

Жумладан, ўқув йили бошида Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан ота-оналарга йўлланган мурожаатномаларда мактабдаги барча харажатлар тегишли манбалардан амалга оширилиши, ҳеч қандай йиғимларга йўл қўйилмаслиги таъкидлаб ўтилди. Хусусан, янги мактаблар қурилиши ёки реконструкция қилиниши, капитал таъмирланиши, дарсликлар ва ўқув жиҳозлари билан таъминланиши учун давлатимиз бюджетидан ижтимоий соҳага йўналтирилган 60 фоиз маблағнинг 35 фоизии ажратилаётгани алоҳида қайд этилиб, ҳеч қандай мажбурий тўловларга йўл қўйилмаслигидан огоҳлантирилди.

Агар бу тартиб бузилса, бошқарманинг 1006 рақамли қисқа рақамли ишонч телефони ва 2370830 рақами орқали бош бошқарма бошлиғининг қабулхонасига қўнғироқ қилиш лозимлиги тушунтирилди.

Шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аваз Мамаджанов бу масалага муносабат билдирар экан, муҳим бир жиҳатга эътибор қаратди.

“Бундай мурожаатлар жуда кўп. Ҳар куни бўлади, - таъкидлади у. – биласиз, таълим муассасаларида Васийлик кенгаши фаолият юритади. Муаммонинг юзага келаётганига эса ўқитувчилар ота-оналарга Васийлик кенгаши томонидан ташкил этилаётган ихтиёрий ҳомийлик йиғимлари бўйича тўғри тушунтириши бера олмагани ёки ота-оналар буни тўғри тушунишни истамагани сабаб бўлади. Аммо агарда тўғридан-тўғри ўқитувчи томонидан Васийлик кенгаши аралашмасдан бундай йиғимлар ташкил этилса, албатта улар жазосини олади. Лекин ҳозиргача бундай бундай ҳолат кузатилгани йўқ”.

Шунингдек, Мамаджанов Васийлик кенгаши талаби билан ота-оналарнинг розилиги асосида қандайдир йиғим ташкил этилганда ҳам унга молиявий аҳволи тўғри келмаган ота-онани мажбур қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини эътироф этди.

Элдор Асанов тайёрлади

Top