12:06 / 21.10.2015
2889

Филиппин шимолидаги тўфон қурбонлари сони 47 нафарга етди

Филиппин шимолида кузатилган тўфон туфайли оламдан ўтганлар сони 47 нафарга етди, дея хабар бермоқда Франс Пресс.
Аввалроқ эса 22 кишининг ҳалок бўлгани хабар қилинган эди. Одамлар асосан тўфон келтириб чиқарган сув тошқинлари, шунингдек, ер кўчкилари ва дарахтлар қулаши натижасида нобуд бўлишди.

Бир қанча фуқаролар ҳамон бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Ўз навбатида, Ассошиэйтед Пресс агентлиги айни пайтда тўфондан 500 минг киши жабр кўргани ҳақида хабар қилди. Филиппин ҳукуматининг дастлабки маълумотларига кўра, тўфоннинг қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмаларга етказган зарари тахминан 115 миллион долларни ташкил этади.

"Koppu" (“Коса”) тўфони дам олиш кунлари Филиппиннинг шимолий қисмига урилиб, сув тошқинлари ва ер кўчкиларини келтириб чиқарган эди. Ўн минглаб кишилар ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Шу муносабат билан жума, 16 октябрь куни мамлакатда тўфондан огоҳлантирувчи энг юқори– “Қизил” хавф даражаси эълон қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, ҳар йили июндан декабрь ойига қадар давом этадиган ёмғирлар мавсумида Филиппинда 20га яқин довул ва тўфонлар кузатилади. Мамлакат тарихидаги энг кучли шу каби табиий офат 2013 йил сўнгида содир бўлган эди. Ўшанда "Йоланда" (халқаро номланиши "Хайянь") супертўфони мамлакат марказий қисмидан ўтиб, кўплаб шикастланишларни келтириб чиқарган эди.

Ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган филиппинликлар сони 8 минг нафардан ошган, 1,1 млн уй қисман ёки бутунлай вайрон бўлиши натижасида 4 млн киши бошпанасиз қолган эди.

Top