10:59 / 23.10.2015
5624

Қозоғистонлик чегарачилар 121 нафар ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирни қўлга олишди

22 октябрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида ўтказилган рейд давомида Қозоғистон миграция қонунчилигини бузган 121 нафар ўзбекистонлик қўлга олинди. Бу ҳақда Қозоғистон Чегара хизмати матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, "Қоплонбек-авто" чегара назорат ўтказиш пунктида Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган 92 киши қўлга олинган. Бу шахслар Қозоғистон ҳудудида бўлиш муҳлатини ўтказиб юборишгани айтилган.

Қўлга олинганлар орасида Қозоғистон қонунчилигини бузиш бўйича "рекордчилар" борлиги қайд этилган. 4 нафар ўзбекистонлик 150 кун давомида Қозоғистон ҳудудида ноқонуний равишда бўлишгани аниқланган.

Шунингдек, "Жибек жўли-авто" чегара назорат ўтказиш пунктида 29 нафар ўзбекистонлик муҳожир қўлга тушган. Улар ҳам Қозоғистон ҳудудида бўлиш муҳлатини ўтказиб юборишган.

Қонунбузарлар маъмурий жавобгарликка тортилган.

Top