15:17 / 24.10.2015
3431

АҚШда муҳандис Эрон фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, 8 йилга қамалди

АҚШда ҳарбий саноат комплексидаги бир қатор компанияларда ишлаган муҳандисга жосуслик қилгани учун 8 йилу бир ойлик қамоқ ва 50 минг доллар миқдоридаги жарима жазоси тайинланди. Ушбу қарор Хартфорд шаҳри (Коннектикут штати) суди томонидан эълон қилинган.

Хабарда айтилишича, 61 ёшли Музаффар Хазаий Эроннинг бир қатор илмий-тадқиқот ташкилотларига саноат сирларига оид 1,5 мингта ҳужжат ва мудофаа технологияларига доир яна 600 та ҳужжатни берганликда айбланди. Бундай ҳужжатлари орасида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари учун мўлжалланган F-35 ва F-22 Raptor қирувчи самолётлари реактив двигателларига оид ишланмалар ҳам бўлган.

"АҚШдаги ҳарбий саноат комплексидаги бир қатор компанияларда муҳандис бўлиб ишлаган Хазаий томонидан Эрондаги техника университетларига юборилган ҳужжатларда миллий саноат ва тадқиқот муассасалари учун керакли маълумотлар ва тажрибалар бор эди", дейилади Коннектикут прокуратураси маълумотида.

Суд унинг ҳукмни енгиллаштириш ҳақидаги илтимосномасини рад этди. "Мен албатта мамлакатимга зиён етказиш ниятида эмасдим. Ҳеч қандай ёмон ниятим бўлмаган. Экспорт соҳасига оид чекловлар бўйича нотўғри ҳаракатландим", дейди муҳандис авф сўраб ёзган мурожаатида.

Маълумот учун, у Эронда туғилиб, ўсган. Кейинроқ АҚШга кўчиб келиб, Оклахома штатидаги университетда таълим олган. Америка фуқаролигини олган, Нью-Мексико штатидаги университетда илмий даражани қўлга киритган. Прокуратура маълумотларига кўра, 2013 йилнинг ноябрида Америка божхонаси Хазаий Эронга юбораётган юкларда махфий ҳужжатларни топган. 2014 йилнинг январида у Ньюарк шаҳридаги Либерти аэропортида ҳибсга олинган.

Top