12:52 / 24.10.2015
4649

Ўзбекистонлик боксчи Ахрор Миролимов профессионал рингдаги иккинчи мағлубиятини қабул қилиб олди

Профессионал бокснинг супероғир вазн тоифасида ўз жангларини ўтказиб келаётган ўзбекистонлик Ахрор Миролимов (16-2, 13 KO) бугун, 24 октябрь куни Жаррел Миллерга қарши рингга кўтарилди. Ушбу жанг АҚШнинг Аризона штати Финикс шаҳрида ташкил этилган бокс оқшоми доирасида бўлиб ўтди.

"Оламспорт.сом" хабарига кўра, саккиз раундга мўлжалланган жангнинг учинчи раундида Миролимов кучли зарба ўтказиб юборди ва жанг муддатидан аввал тўхтатилди. Миролимов 108 кг, унинг рақиби Миллер (15-0-1, 13 КО) эса 127 кг вазнга эга ҳисобланади.

Қайд этлишича, бу Миролимов фаолиятидаги иккинчи мағлубият бўлди. Ўн олтита жангда ғалаба қозонган ҳамюртимиз кетма-кет иккинчи маротаба рингни боши эгик ҳолда тарк этди.

Бундан аввал у чемпионлик жангида америкалик Деррик Россига (30-9, 14 КО) очколар ҳисоби бўйича ютқазиб қўйган эди. Ахрорнинг нокаут билан қозонган ғалабалари сони 13тани ташкил этади.

Top