18:56 / 24.10.2015
3914

Шиндзо Абэ Тожикистон президенти билан учрашди

Япония бош вазири Шиндзо Абэ 24 сентябрь куни Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафари доирасида Тожикистонга етиб келди.

Тожикистон президенти матбуот хизматининг хабарига кўра, у шу куннинг ўзидаёқ Эмомали Раҳмон билан учрашган ва ўзаро алоқаларнинг дўстона ривожланиши масаласида муҳокама ўтказган.

Учрашув аввалида Эмомали Раҳмон Шиндзо Абэни Япония бош вазирлигига қайта сайлангани муносабати билан қутлаган ва Япония Тожикистон учун мустақилликнинг илк куниданоқ "ишончли дўст" бўлиб келаётганини таъкидлаган.

"Биз сизнинг давлатингизга муҳим ҳамкор сифатида қараймиз ва сиз билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз", дейди Э.Раҳмон.

Ўз навбатида, Абэ Афғонистон билан чегарадош Тожикистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим стратегик ўрни ҳақида гапириб, бу давлат Япониянинг ташқи сиёсатида ҳам алоҳида ўринга эгалигини таъкидлаган.

"Япония Тожикистон билан ўзаро алоқаларни барча соҳаларда мустаҳкамлашни истайди", дейди Япония бош вазири.

Top