11:57 / 25.10.2015
5351

Жанубий Қозоғистонда умумий миқдори 25 килограммни ташкил қилган мис тангалар хазинаси топилди

Жанубий Қозоғистонда археологлар XVII асрга тегишли бўлган умумий миқдори 25 килограммни ташкил қилган мис тангалар хазинасини топишди. 

Тангалар маҳаллий зарбхонада ясалган. Тангалар орасида Россияда Романовлар сулоласининг иккинчи шоҳи пайтида ясалган рус тангалари ҳам топилган. Олимларнинг айтишича, топилмалар нодирлиги тангаларнинг қадимийлигида эмас, балки унинг миқдоридадир. Хазина деярли 300 йил ер остида сақланган, деб хабар бермоқда Otyrar.kz нашри.

Археологлар тангаларни бирма-бир тозалашмоқда. Бундай кўп миқдордаги қадимий тангалар ҳали топилмаганди. Қадимий хазина “Сауран” қадимий шаҳари ҳудудида бир ерга матога ўралган ҳолда кўмилган бўлган. Археологлар уни металл изловчи ёрдамида аниқлашди. Кўп тангаларда Георгий Победоносец ва Москва зарбхонаси тасвири бор.

Чимкентдаги тарихий-ўлкашунослик музейи ходими Айсулу Ержигитованинг айтишича, тангалар Марказий Осиёга мис тангалари етишмаган мис инқирози пайтида келиб қолган. Ушбу тангалардан маҳаллий тангалар қаторида фойдаланилган. Бундай катта миқдордаги тангалар ўша пайтлардаёқ Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий алоқалар бўлганидан дарак беради.

Тангалар яқин орада музейга омма эътиборига қўйилади.

Top