19:23 / 25.10.2015
8527

Ўзбекистон ва Япония умумий қиймати 8,5 млрд доллардан кўпроқ бўлган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди

Япония бош вазири Шиндзо Абэнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Япония умумий қиймати 8,5 млрд доллардан кўпроқни ташкил қиладиган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

“8,5 млрд доллардан кўпроқ қийматга эга қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди, ундан Япония маблағлари 5 млрд долларни ташкил қилади”, деб айтди музокаралар натижаларига кўра Ислом Каримов.

Ислом Каримовнинг фикрича, икки томонлама учрашув натижаларига кўра имзоланган икки давлат ўртасида стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича қўшма баёнот икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг жадаллик билан ривожланаётганининг исботи бўлди.

Абэ, ўз навбатида, Япония ҳукуматининг Ўзбекистон билан кўп режали ва ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини тасдиқлади.

“Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни нафақат икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш соҳасида, балки Марказий Осиё минтақасидаги умумиий масалаларни ҳал қилиш мақсадида давом эттириш ниятидамиз”, дейди Абэ. Абэ бундай масалалар қаторида транспортировкалаш, логистика, гиёҳванд моддаларни сотиш ва давлат чегараларини назорат қилиш масалаларини келтириб ўтди. Абэ кўрсатилган масалаларни муҳокама қилиш учун учрашувлар ва “Марказий Осиё + Япония” кўринишидаги кўп томонлама сўзлашувлар муҳим майдон бўлишини таъкидлаб ўтди.

Тошкентда бўлиб ўтган ўзбек-япон бизнес-анжумани давомида томонлар япон компанияларининг Ўзбекистон жанубида синтетик ёнилғи заводи қурилиши, Ўзбекистоннинг истиқболли ҳудудларида нефть ва газ қидириш ишларини ўтказишдаги иштироки вариантлари ҳамда хомашё қазиб олиш, кимё ва электротехника тармоқлари, автомобилсозлик, телекоммуникация соҳаларидаги лойиҳаларни кўриб чиқишди.

Япония Ўзбекистоннинг энг йирик инвесторларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистондаги устувор лойиҳаларни амалга ошириш учун Япония томонидан ажратилган молиявий сармояларнинг умумий миқдори 2,3 млрд доллардан ошиб кетган. Бу маблағлардан давлат имтиёзли иена кредитлари линияси бўйича 1,5 млрд доллар, тижорат кредитлари бўйича 700 млн доллардан кўпроқ маблағ ажратилган.

Япония бош вазири 26 октябрь куни тонгида Ўзбекистондан Қирғизистонга жўнаб кетади.

Top