17:35 / 26.10.2015
4938

Ўзбекистонда 2015 йилда 8,5 триллион сўмдан ортиқроқ енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди

Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойи давомида Ўзбекистонда енгил саноат тармоғи корхоналари томонидан 8587,0 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди, деб ёзилади давлат статистика қўмитаси ахборотида. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 117,7 % ни ташкил этди.

Манбада қайд қилинишича, тармоқнинг жами саноат ҳажмидаги улуши 13,8% ни ташкил қилди. 2014 йилнинг январ-сентябрида ойида бу кўрсаткич 12,8%ни ташкил қилганди.

Мазкур давр мобайнида тўқимачилик саноати корхоналари томонидан 6099,6 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва бу 2014 йилнинг январ-центябрига нисбатан 117,2%ни, жумладан, ипакчилик саноатида – 106,2%ни, пахта тозалаш саноатида – 108,9%ни, ип-газлама саноатида – 123,2%ни, трикотаж саноатида – 114,0 %ни ташкил этди.

Энгил саноатда ишлаб чиқарилаётган истеъмол маҳсулотлари турини кенгайтириш бўйича чора-тадбирларнинг қабул қилиниши маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тикувчилик саноатида – 19,6%га, чарм-поябзал саноатида – 22,0%га ўсишига ёрдам берди.

Ҳудудлар кесимида енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг катта қисми Тошкент шаҳри (тармоқнинг республикадаги ҳажмига нисбатан 14,3%), Фарғона (13,7%), Андижон (12,1%) ва Самарқанд (9,6 %) вилоятлари корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда. Кичик бизнес субъектлар томонидан ишлаб чиқарилган енгил саноат маҳсулотлари 2014 йилнинг 9 ойига нисбатан ишлаб чиқариш 27,8%га ошди, улар маҳсулотининг тармоқдаги улуши 53,6% ни ташкил қилди.

Маълумот учун ҳозирги кунда Ўзбекистонда 8748 та енгил саноат корхоналари фаолият кўрсатмоқда, улардан 3434 таси тўқимачилик, 4587 таси тикувчилик ҳамда 699 таси чарм-поябзал йўналишидаги корхоналар ҳисобланади. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида 886та енгил саноат корхоналари ташкил этилди, шундан 250 таси тўқимачилик, 556таси тикувчилик ва 73 таси чарм-поябзал тармоғи корхоналари ҳисобланади.

Top