Жаҳон | 18:05 / 27.10.2015
2930
2 дақиқада ўқилади

NYT: Обама жиноий қонунчилик ислоҳотларини ўтказишни режалаштирмоқда

Сешанба куни АҚШ президенти Барак Обама Чикаго штатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бўлиб ўтган учрашувда жиноий қонунчилик тизимини қайта кўриб чиқиш зарурати ҳақида гапирди. Бу ҳақда The New York Times газетаси ёзмоқда.

Обаманинг фикрича, амалдаги тизим самарадор эмас. Жумладан, зўравонлик ва қотилликка қўл урмайдиган кўплаб гиёҳванд моддалар сотувчиларининг қамоқда сақланиши адолатсизликдир. Президент тегишли ташкилотларни жиддий жиноятлар содир этганларга кўпроқ диққат қаратишга чақирди.

Нашрда таъкидланишича, бундай позицияни либераллар ҳам, консерваторлар ҳам бирдай қўллаб-қувватлайди.

Сенат ишлаб чиқаётган янги қонунчилик актларидан кўзланган асосий мақсад судьяларга ҳукм чиқаришда кўпроқ ваколатлар бериш ҳамда зўравонлик ва қотилликлар содир этмаган жиноятчиларга нисбатан қўлланадиган қаттиқ жазо турларини имкон қадар камайтиришдир.
Шунингдек, президент учрашув давомида Чикагода қотилликлар сонининг ошиши муносабати билан ўз хавотирини билдириб, қурол савдосини жиддий назорат остига олишни таклиф қилди.