Жаҳон | 17:49 / 27.10.2015
8059
1 дақиқада ўқилади

Россия мудофаа вазирлиги Сурияда ҳарбий хизматчилардан бири муҳаббат туфайли ўзини-ўзи ўлдирганини маълум қилди

Россия мудофаа вазирлиги Сурияда бўлиб турган шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилардан бири ҳалок бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар тарқатмоқда.

«Шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи, Хмеймимдаги авиабазада техник мутахассис сифатида ишлаб келган аскар навбатчиликдан кейин дам олиш вақтида ўзини ўзи ўлдирган», — дейилади вазирлик маълумотида.

Ҳозирги вақтда мазкур масала юзасидан тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Тахминий талқинларга кўра, мудофаа вазирлиги ҳарбийнинг телефонидаги SMS-хабарномалари текшириб кўрган. Ўлимга аскарнинг ўз севгилиси билан муносабатларида қандайдир муаммо сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Олдинроқ, Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлга Суриядаги ҳарбий хизматчилардан бирининг ўлими ҳақида хабар келмаганини таъкидлаб ўтганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш