Жаҳон | 10:32 / 28.10.2015
2532
1 дақиқада ўқилади

Кот-д'Ивуарнинг амалдаги президенти сайловда 83,6 фоиз овоз билан ғалаба қилди

Кот-д'Ивуарда бўлиб ўтган президентлик сайловида мамлакатнинг амалдаги президенти Алассан Уаттара 83,66 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонди.

Рейтер хабарига кўра, сайловчиларнинг давомати 54,63 фоизни ташкил этган.
73 ёшли Уаттара 2011 йилдан бери мамлакатни бошқариб келади ва унди иккинчи муддатга вазифасини бажариш учун киришиши мумкин.

Маълумот учун, 2010 йилдаги сайловда шубҳали натижалар туфайли бирданига икки номзод, мамлакатга 2000 йилдан бери президент бўлган Лоран Гбагбо ва бу вақтгача бош вазир сифатида ишлаган Уаттара президентлик қасамёдини қилганди ва бўлиниш юзага келганди. Ўзаро тўқнашувларда минглаб кишилар ҳалок бўлган. Лекин кўп вақт ўтмасдан, 2011 йилнинг 11 апрелида Уаттаранинг тарафдорлари барча ҳудудларни назорат остига олган ва собиқ президент Гбагбо қамоққа олинганди.

Халқаро таҳлилчилар Уаттаранинг даврида Кот-д'Ивуар иқтисодиётида сезиларли ўсиш кузатилганини қайд этишган.