20:27 / 28.10.2015
6300

KUN.UZ дайжести: 28 октябрь, Дунё хабарлари

Ҳурматли ўқувчилар, эътиборингизга 28 октябрь куни жаҳонда рўй берган энг асосий янгиликларни такроран ҳавола этамиз.

БМТ: Суриядаги гуманитар ёрдамга муҳтож кишилар сони 13,5 млн нафарга етди>>

Суриядаги гуманитар ёрдамга муҳтож кишилар сони 1,2 млн. нафарга ошди ва умумий ҳисобда 13,5 млн га етди. Бу ҳақда гуманитар масалалар бўйича БМТ бош котиби ёрдамчиси Стивен О'Брайен Халқаро хавфсизлик ташкилотининг кенгашидаги нутқида баён қилган.

Reuters: Америкалик генерал Сурия ва Ироқда минглаб эронлик ҳарбийлар борлиги ҳақида хабар қилди>>

АҚШлик ҳарбийлар Сурия ва Ироқда Эроннинг ҳарбий ҳаракатлари ҳақида маълум қилишди, деб хабар бермоқда Reuters.

Латвияга АҚШ армиясининг таркибида 17 та зирҳли техникаси бўлган колоннаси етиб келди>>

Латвиянинг Адажи ҳарбий базасига АҚШнинг 17 та зирҳли техникадан иборат колоннаси етиб келди. Бу ҳақда Латвия Мудофаа вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар департаменти раҳбари Каспарс Галкинс ТАСС ахборот агентлиги мухбирига маълум қилди.

Пентагон Жанубий Хитой денгизида операция ўтказилганини тасдиқлади>>

АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер АҚШ ҳарбий кемалари охирги кунларда Жанубий Хитой денгизида операция ўтказганини тасдиқлади.

Исроиллик араб парапланда ИШИД жангарилари ёнига учиб кетди>>

23 ёшли Исроилда яшовчи араб миллатига мансуб йигит Нида Салоҳ Суриядаги “Шаҳодат ал-Ярмук” террорчилик гуруҳи томонидан босиб олинган ҳудудга  парапланда учиб кетди. The Telegraph нашрининг хабар беришича, йигит Исроил армияси назоратида бўлган Голан тепаликлари устидан учиб ўтган. “Шаҳодат ал-Ярмук” ИШИД таркибига киради. 

Тожикистон ва Қирғизистон баҳсли ҳудудлар билан ўзаро алмашмоқчи>>

Тожикистон ва Қирғизистон иккала давлат чегараларидаги баҳсли худудларни демаркация (чегара чизиқларини қайта тортиш, белгиларни ўрнатиш) ва делимитация (тузилган келишув бўйича давлат чегарасини белгилаш ва уни харитага тушириш) муаммоларига нуқта қўймоқчилар, деб хабар берди Тожикистон хукуматидаги манба.

Япония Қозоғистондаги АЭС қурилишига қизиқиш билдирмоқда>>

Япония Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишида иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда. Бундай фикрни Япония бош вазири Шиндзо Абэ Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан Оқўрдада бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича айтиб ўтди.

Эрон Сурия бўйича музокараларда иштирок этиш учун таклиф қилинди>>

Эрон ҳукумати биринчи марта Сурия бўйича халқаро музокараларда қатнашиш учун таклиф қилинди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Путин МДҲ давлатлари хавфсизлик хизматлари раҳбарлари билан учрашади>>

Ўзбекистон делегацияси МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 39-йиғилишида иштирок этади.

Қозоғистон ЕИ билан ҳамкорлик шартномасини имзолайди>>

Қозоғистон Европа Иттифоқи раҳбариятининг расмий ташрифини кутмоқда. Айтилишича, ушбу ташриф доирасида кенгайтирилган ҳамкорлик ва алоқалар тўғрисидаги келишув имзоланади. Бу ҳақда мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев маълумот берди.

Россия махсус хизматлари раҳбари ИШИД таҳдиди туфайли МДҲ чегараларини мустаҳкамлашга чақирди>>

Россия федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников МДҲ, биринчи навбатда Марказий Осиё давлатлари чегараларини мустаҳкамлаб, ИШИДга биргаликда қарши туришга чақирди.

Обама АҚШ полициясини “балогардонлар” деб атади>>

Пайшанба куни Чикаго штати полициясига мурожаат қилган АҚШ президенти Барак Обама миллий озчиликлар вакилларига диққат-эътибор қаратган тақдирларида зўравонлик жиноятларининг миқдори камайишига эришишлари мумкинлигини таъкидлади. Бу ҳақда USA Today нашри ёзмоқда.

Сиёсатшунос: АҚШ Марказий Осиёни йўқотишдан қўрқади>>

Кеча АҚШ Давлат департаменти тарқатган ахборотга кўра, 29 октябрь куни давлат котиби Жон Керри режадан ташқари Марказий Осиё турнесини ўтказиб, минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан С5+1 форматида учрашувлар ўтказади.

Атамбаев Қирғизистон ҳукуматини истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонини имзолади>>

Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбаев «ҚР Ҳукуматини истеъфога чиқариш тўғрисида»ги Фармонга имзо чекди, дея хабар бермоқда КирТАГ нашри мамлакат раҳбари матбуот хизмати берган маълумотларга таяниб.

Нефть нархида яна ўсиш кузатилмоқда>>

АҚШдаги Кушинге терминалида нефть захирасининг камайиши ҳақидаги хабарлардан кейин жаҳон бозорида нефть нархида ўсиш кузатилган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар бермоқда.

Европа ва Марказий Осиёда бизнес муҳити яхшиланмоқда>>

Охирги йил давомида Европа ва Марказий Осиёнинг 90 фоиз давлатларида тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар ўтказилди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг бизнес юритиш шароитларини ўрганиш бўйича гуруҳи тайёрлаган йиллик ҳисоботида таъкидланди.

Қозоғистон ва Япония ўртасида 1.5 млрд долларлик шартномалар имзоланади>>

Япония бош вазири Синдзо Абэнинг Қозоғистонга расмий ташрифи муносабати билан ўтказиладиган Қозоғистон-Япония бизнес-форумида умумий қиймати 1.5 млрд долларга тенг жами 14 ҳужжат имзоланади.

Die Zeit: Ангела Меркель чек дафтарчасисиз ҳеч ким эмас>>

Европадаги миграцион инқироз Германия канцлери Ангела Меркелнинг “дунёдаги энг қудратли аёл” ва “Европанинг энг қудратли сиёсатчиси” қабилидаги имижини йўққа чиқарди, деб ҳисоблайди Die Zeit нашри.

"Барселона" Мессига рад қилиб бўлмас таклиф билан чиқмоқчи>>

"Барселона" Лионель Месси ўз таркибида фаолиятининг охиригача қолишини истамоқда.

ОАВ: Слуцкий "Челси"да Моуриньони алмаштириши мумкин>>

Испаниядаги журналистлар Москванинг ЦСКА жамоаси бош мураббийи Леонид Слуцкийни "Челси"нинг навбатдаги бош мураббийига айланиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатишмоқда.

Янги Ravon Nexia комплектациялари ҳақида маълумотлар ошкор бўлди>>

Россия бозори учун мўлжалланган янги Ravon Nexia маркаси ҳақида батафсил маълумотлар пайдо бўлди. Бу ҳақда Авто mail.ru» нашри хабар тарқатмоқда.

Европа Иттифоқи ҳудудида 2017 йилга бориб роуминг бекор қилинади>>

Европа парламенти Евроиттифоқ ҳудудида 2017 йилга бориб роуминг тугатилиши ҳақида якуний овоз берди, деб маълум қилмоқда Techradar.

Япония пойтахтида Tokyo Motor Show 44-автосалони очилди>>

Бугун, 28 октябрь куни Токио шаҳридаги Одайба сунъий оролида жойлашган Big Sight кўргазма залида Tokyo Motor Show 2015 44-автосалони очилди. Япония ва бошқа давлатларнинг 30дан ортиқ автомобилсоз компаниялари унда ўзларининг охирги ютуқларини тақдим қилади.

Top