17:21 / 28.10.2015
6271

Москва полицияси депортация режасини тожикистонлик муҳожирлар ҳисобига бажармоқда

Россия полициячилари “Муҳожир 2015” операциясининг навбатдаги босқичи доирасида юзлаб муҳожирларни текширувдан ўтказди, деб хабар беради “Российская газета”.
Москва полиция бош бошқрамаси иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси расмий вакили Ирина Волк муҳожирларнинг катта қисми Ўрта Осиё республикалари вакиллари эканлигини таъкидлади.

26 октябрнинг ўзидаёқ оперция доирасида ноқонуний муҳожирларни тутиш бўйича 200дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Шарқий округ ходимлари 220 хонадон, 21 автотураргоҳ ва гараж кооперативлари, 4 кафе, бар ва ресторанларни текширувдан ўтказишди.
Ушбу рейдлар натижасида МДҲ давлатлари, асосан Ўрта Осиёдан ташриф буюрган 168 чет эллик қўлга олинди. Уларнинг барчаси мамлакатда бўлиш қоидаларини бузишда айбланди.

Маҳаллий журналистларнинг эътироф этишича, Москва полицияси белгиланган режани бажариш учун ҳар қандай ишга қўл уришга тайёр. Айнан шу туфайли охирги ҳафталарда тожикистонлик муҳожирлар оммавий тарзда депортация қилинмоқда. Ҳар куни Россия муҳожирлар федерацияси президенти ўринбосари Каромат Шариповга ўнлаб жабр чекканлар мурожаат қилиб, адолатни тиклашни сўрайди.

Охирги 1 ҳафта ичида Москва шаҳри ва вилоятидан 1.5 минг тожикистонлик муҳожир депортация қилинди.
“Бундай оммавий тадбирлар, афтидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг режани бажариш йўлидаги навбатдаги кампанияси билан боғлиқдир”, - деб таъкидлади ҳуқуқ ҳимоячиси Светлана Ганнушкина.

Top