Жаҳон | 09:48 / 28.10.2015
3441
2 дақиқада ўқилади

Покистонда зилзила қурбонларини қутқариш бўйича кенг миқёсли операция ўтказилмоқда

Покистонда 26 октябрь куни минтақани ларзага солган зилзила оқибатида жабр чекканларни топиш ва қутқариш бўйича кенг миқёсли операция бошлаб юборилди.
Охирги маълумотларга қараганда, ҳалок бўлганлар сони 270 нафарга етган, уларнинг 220 нафари Ҳайбар-Паҳтунҳва вилоятига тўғри келмоқда. 2 мингдан ортиқ киши зарарланган, мингдан ортиқ бино вайрон бўлган.

Tolo News агентлигининг маълум қилишича, Афғонистонда қурбонлар сони 82 кишига етди. Жумладан, 12 нафар ўқувчи қиз Тахорда, мактаб биносидан қочиб чиқаётган пайтда оёқости бўлишди. Вайронагарчиликлар Бадахшон, Тахор, Нангархар, Қундуз, Боғлон, Парвон вилоятларида кузатилди.
Афғонистон президенти Ашраф Ғани Аҳмадзай зарар кўрганларга ҳамда ҳалок бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдириб, уларга тезкор ёрдам кўрсатиш бўйича комиссия тузилганини маълум қилди.

Ўз навбатида, Покистон бош вазири Миён Муҳаммад Навоз Шариф, Вазирлар маҳкамаси аъзолари ҳамда Ҳайбар-Паҳтунҳва ҳокими 27 октябрь куни Малаканд дивизиясининг зарар кўрган туманларига ташриф буюришди.
Покистон ҳукумати уйи вайрон бўлганларга 100 минг рупия (950 доллар), уйи зарар кўрганларга 50 минг рупия ёки 479 доллар ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қарорни тасдиқлади.