07:57 / 28.10.2015
4778

Тожикистон ва Қирғизистон баҳсли ҳудудлар билан ўзаро алмашмоқчи

Тожикистон ва Қирғизистон иккала давлат чегараларидаги баҳсли худудларни демаркация (чегара чизиқларини қайта тортиш, белгиларни ўрнатиш) ва делимитация (тузилган келишув бўйича давлат чегарасини белгилаш ва уни харитага тушириш) муаммоларига нуқта қўймоқчилар, деб хабар берди Тожикистон хукуматидаги манба.

Манбанинг айтишича, ноябрь ойида Бишкек ва Душанбеда тожик-қирғиз давлат чегарасидаги баҳсли ҳудудлар масаласини ҳал қилиш бўйича қўшни давлатлар ҳукуматлараро комиссиясининг иккита мажлиси ўтказилиши режалаштирилган.

Манбанинг таъкидлашича, Тожикистон делегацияси икки давлат чегарасидаги тарангликни камайтириш бўйича аниқ таклифлар билан 5 ноябрда Бишкекка йўл олади. Бу ерда икки давлат ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтади.

Бироқ манба Тожикистон Бишкекга айнан қандай таклифлар билан ташриф буюришини айтиб ўтмади.

Бу орада қирғиз ОАВларининг маълум қилишича, Қирғизистон бош вазирининг хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва чегаралар масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Маматалиев Тожикистон билан чегараларни делимитация қилиш борасида журналистларга тарихда биринчи марта қирғизлар тожикларга аниқ ҳудудлар билан алмашишни таклиф қилаётганини маълум қилди.

“Бу ўзаро манфаатли алмашув бўлади, ҳар томондан 12 гектардан ер алмашилади. Биз қабристон бўлган Кўк-Тош қишлоғидаги ҳудудларни оламиз, тожиклар эса бу қишлоқдан пастроқ ҳудудларни олишади”, деб тушунтириш бериб ўтди Маматалиев.

Top