00:17 / 28.10.2015
5907

Тюменда 9 йил аввал Ўзбекистонда 41 тонна бензин ўғирлаган ўзбек қўлга олинди

Россиянинг Тюмень вилояти прокуратураси Россия бош прокуратурасига Ўзбекистонда 41 тонна бензин ўғирлагани учун 9 йилдан бери қидирувда бўлган 62 ёшли Соҳиб Ғозиевни Ўзбекистонга топшириш бўйича материалларни юборди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот-хизмати маълум қилди.

Тергов тахминига кўра, 2004-2005 йилларда Фарғона омбор мудири бўлиб ишлаган Ғозиев бош бухгалтер ва фирма директори билан биргаликда омбордан А-72 ва А-76 русумидаги бензинни ўмарган. Улар жами 41 тонна ёнилғини олиб чиқиб, 17 миллион сўмга пуллашга муваффақ бўлганлар. Ғозиевга нисбатан жиноий иш очилган, лекин у яширинишга муваффақ бўлган. Натижада Соҳиб Ғозиевга сиртдан 2006 йилда айблов эълон қилинган.

Қочоқ 2015 йил октябрда Россиянинг Тюмень вилоятида Қозоғистонга қочишга уринганида қўлга олинди. Ҳозирда Россия бош прокуратураси Ғозиевни ватанига қайтариш масаласини кўриб чиқмоқда. Ўзбекистонда товламачи 10 йиллик қамоқ жазосига тортилиши мумкин.

Top