20:55 / 29.10.2015
3282

Учинчи чорак ҳисоботи: Жиззах вилоятида ЯҲМ ҳажми 8,9 фоизга ўсди

Жиззахда 2015 йилнинг тўққиз ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва энг муҳим устувор вазифалар ижросини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳисобот даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 8,9 фоиз, жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,7, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,8, қурилиш ишлари 11,1, чакана товар айланмаси 19,3 фоизга ўсгани қайд этилди.

Ўзбекистон президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорлар учун имкониятларни янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 959 кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 81,6 фоизга етди.

Кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 284,7 миллиард сўм, жумладан, саноат соҳасини ривожлантириш учун қарийб 58 миллиард сўм кредит ажратилди. Натижада саноат соҳасида 172, қишлоқ хўжалигида 618, хизмат кўрсатиш соҳасида 638 лойиҳа амалга оширилди.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 5 корхонада 44,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Йилнинг ўтган даврида намунавий лойиҳадаги уй-жойлар қуриш бўйича Давлат дастури асосида 15 массивда 234 янги уй-жой қурилиши якунланди. Янги массивларда 19 километр электр, 22,9 километр табиий газ, 22,6 километр ичимлик суви узатиш тармоқлари, 8 бозор ва бошқа ижтимоий иншоотлар қурилиши белгиланган режа асосида давом эттирилди.

Бандлик дастурига асосан 40 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 15 минг 883 нафар касб-ҳунар коллежи битирувчиси иш билан таъминланди.

Жиззах вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Ҳодиев сўзга чиқди.

Top